Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 68-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси компьютер клубидаги жанжал оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 17 апрель куни тахминан соат 18:00 лар атрофида Сергели тумани 2-массивда жойлашган «Game club» компьютер клубида 16 ёшли И.Ш. ва 18 ёшли Х.С. ўртасида келиб чиққан тушунмовчилик натижасида Х.С. таниши И.Ш.нинг юз ва танасига қўл ва оёқлари билан уриб, оғир тан жароҳати етказган. Шундан сўнг И.Ш. хушсиз ҳолатда ерга йиқилган.

Олган тан жароҳатлари оқибатида И.Ш. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилаётган вақтда тез тиббий ёрдам машинасида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели туман ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (тамагирлик ниятида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.