Вазирлар Маҳкамасининг 14 апрелдаги қарори (180-сон) билан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом асосидаги қуйидагилар белгиланди:

  • юридик ёки жисмоний шахслар томонидан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, ушбу материалларни олиб кириш ва тарқатишга қўйиладиган талаблар;
  • диншунослик экспертизасини ўтказиш учун ваколатли органга мурожаат қилиш тартиби;
  • диншунослик экспертизасини ўтказиш шартлари, муддатлари ва диншунослик экспертизаси хулосасини расмийлаштириш тартиби.

Жисмоний шахслар томонидан ўз эхтиёжлари учун ҳамда илмий тадқиқот ўтказиш мақсадларидаги ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда, ижобий хулоса олгандан кейин Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга йўл қўйилади.

Шунингдек, диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланиши лозим. Ижобий хулоса олинмаган ва голограмма билан тамғаланмаган материаллар мамлакат ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.

Ўз навбатида, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари кутубхоналари, шунингдек, бошқа кутубхоналар, веб-сайтлар таҳририятлари ва жисмоний шахслар томонидан ижобий хулоса олмасдан, хорижда тайёрланган материалларни аҳолига умумий фойдаланиш учун тақдим этилиши жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14 апрелдан кучга кирди.

Маълумот учун, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ:

  • Ўзбекистон ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилади;
  • диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.