2022 йилнинг март ойида ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар нархлари февраль ойига нисбатан 13,3 фоизга, йил бошидан бери эса ўртача 13,9 фоизга қимматлашган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

«Курслар нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан яъни бир йилда ўртача 15,2% га қимматлашгани кузатилган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев «бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилади», дея таъкидлаганди. Қолаверса, ўшанда вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш топширилганди.

Вазирлар Маҳкамаси янги йўл ҳаракати қоидаларини жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлади. Аҳоли пунктларида стандарт максимал тезлик ўзгаришсиз (70 км/соат) қолдирилди. Республика комиссияси уни йирик шаҳарларнинг маълум жойларида 60 км/соатгача камайтириши мумкин. Мактаблар ва болалар боғчаларида тезлик 30 км/соат, аҳоли турар жойларида 20 км/соатни ташкил этди. Ўзгартиришлар 1 майдан кучга киради.

Февраль ойида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишга мўлжалланган Ягона имтиҳон маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказга келган номзод назарий саволларга тўғри жавоб бериши ва сўнгра имтиҳоннинг амалий қисмидан ўтиши керак. Шундан сўнг, 4 февралдан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни қабул қилиш тўхтатилди.