Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон халқига мурожаатномасида назарда тутилган 10 та асосий сиёсий ислоҳот доирасида давлат раҳбари қатор ҳуқуқлардан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда 18 апрель куни мамлакат адлия вазири Канат Мусин маълум қилди, дея хабар берди Orda.kz нашри.

«Давлат раҳбарининг президентлик даврида сиёсий партияларга аъзо бўлишини тақиқлаш, шу тариқа давлат аппаратини партия тузилмалари билан бирлаштириш муаммосига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу тақиқдан аввал президент „Аманат“ партиясининг навбатдаги қурултойида раислик лавозимини тарк этиш нияти ҳақида баёнот берган эди», — деди Канат Мусин.

Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, президентга яқин шахслар кимлардан иборат эканлиги масаласини ҳам кўтариб чиққан. Унга кўра, қонун ҳужжатларида яқин қариндошлар деганда ота-оналар, болалар, фарзанд асраб олувчилар, фарзандликка олинганлар, тўлиқ ва нотўлиқ ака-ука ва опа-сингиллар, бобо, буви, набиралар назарда тутилади. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қайнона-қайнота, яъни эр-хотиннинг яқин қариндошлари учун ҳам чекловлар белгиланган.

«Шундай қилиб, қонунчилик даражасида тегишли тақиқлар ўрнатилгандан сўнг, масалан, президентнинг укаси, опаси, фарзандлари „Самрук-Казина“ ёки „Байтерек“ каби миллий компанияларда етакчилик қила олмайди», — деган адлия вазири Канат Мусин.

Нашрининг қайд этишича, Қозоғистоннинг Болгариядаги элчиси Темиртай Избастин ҳам президент Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан киритилган ўзгартиришлар кучга кирганидан кейин ўз лавозимини тарк этади. Избастин Тоқаевнинг синглиси Карлига Избастинанинг (Токаева) турмуш ўртоғи ҳисобланади.

«Конституцияга президентнинг яқин қариндошларига сиёсий лавозимларни эгаллашга тақиқ киритилмоқда. Сиёсий лавозимлар рўйхати жуда кенг бўлиб, унга маълум даражадаги дипломатик ходимлар киради. Бундай тақиқ жорий этилиши билан, албатта, ҳамма нарса қонунга мувофиқлаштирилади. У бу лавозимни бўшатади, чунки қонунга кўра, у бу лавозимда ишлай олмайди», — деган Адлия вазири.

Шунингдек, вазирнинг сўзларига кўра, президентнинг Судялар олий кенгаши таркибини шакллантириш билан боғлиқ ваколатлари ҳам ўзгаради. Конституцияда белгиланган амалдаги тартибга кўра, президентнинг ўзи Судьялар олий кенгаши таркибини тузади, шунингдек, Конституциявий кенгаш раисини тайинлайди. Энди уларга Конституциявий кенгаш ва Судьялар олий кенгаши раислари лавозимларига номзодларни келишиш ҳуқуқини парламент Сенати депутатларига бериш таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантириш қонун билан белгиланади.

Канат Мусиннинг сўзларига кўра, президентнинг вилоятлар ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар ҳокимлари ҳужжатларини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳуқуқини, шунингдек, туман ва қишлоқ ҳокимларини лавозимидан озод этиш ҳуқуқини истисно қилиш билан боғлиқ ўзгартиришлар режалаштирилган. Президентнинг бундай ваколатлари бекор қилинади. Бу ислоҳот маҳаллий вакиллик ва ижроия органларининг мустаҳкамланишига, умуман, сиёсий модернизацияга хизмат қилиши керак.

Ўз навбатида, билдирилган ташаббусларни амалга ошириш учун «Қозоғистон Республикаси президенти тўғрисида»ги Конституциявий ва бир қатор бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур бўлади. Вазирликнинг ёзишича, тегишли қонун лойиҳаларини парламент муҳокамасига август ойида киритиш ҳамда йил охиригача қабул қилиш режалаштирилмоқда.