Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳибсга олинган ва Тошкентдаги тергов изоляторида сақланмоқда. Бу ҳақда душанба куни журналист Илёс Сафаров хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, сиёсатшуноснинг оиласи 17 апрелдан буён у билан алоқага чиқа олмаган. Раббимовнинг қариндошлари у 15:00 да уйдан чиққанлигини айтган.

«Ҳозиргина Камолиддин ака билан боғланишга муваффақ бўлдим. Телефондаги суҳбатимиз қисқа, 5−6 сония давом этди. Камолиддин акани айтган гапи шундай бўлди: „Панелний»даман, 15 сутка“. Демак, айни пайтда Камолиддин Раббимов халқ тилида „Панельный“ деб аталувчи вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда» — деб ёзди журналист.

ИИВ баёноти

ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов 17 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани «Чақар» маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида, Камолиддин Раббимов хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаганини билдирди.

Ҳолат юзасидан Камолиддин Раббимовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик), 194 (ИИО ходимининг қонуний талабини бажармаслик) ва 195-моддалари (ИИО ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан материаллар расмийлаштирилган. Ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Шайхонтоҳур тумани судига юборилган.

Камолиддин Раббимов (1974 й.т.) — Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети битирувчиси. У шунингдек Ўзбекситон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳам таҳсил олган. Сиёсат фалсафаси соҳасида Варшава университетида илмий тадқиқотлар олиб борган.

2001−2005 йилларда президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ишлаган, «Ижтимоий фикр» социологик тадқиқотлар марказида илмий ходим, Фуқаролик жамиятини тадқиқ қилиш институти катта илмий ходими бўлиб фаолият юритган.

2007 йилдан буён Францияда илмий ва ижодий тадқиқотлар олиб борган. Бир неча ойлар олдин Ўзбекистонга қайтган эди.

Камолиддин Раббимов ОАВда Ўзбекистондаги оппозиция, Афғонистон, ЕОИИ, Қозоғистон, шунингдек Украинадаги уруш ва Ўзбекистоннинг ушбу масаладаги позицияси бўйича тез-тез ОАВга чиқиш қилиб турарди.