Ўзбекистонда йил давомида ҳайдовчиларни тайёрлаш курсларида ўқиш тўловларининг ошиши қайд этилди. Жумладан, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида бу кўрсаткич максимал (1,4 бараварга) бўлди, дея қайд этди Давлат статистика қўмитаси.

Аввалроқ, 2022 йилнинг март ойида ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар нархлари февраль ойига нисбатан 13,3 фоизга, йил бошидан бери эса ўртача 13,9 фоизга қимматлашгани маълум қилинганди.

«Курслар нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан яъни бир йилда ўртача 15,2% га қимматлашгани кузатилган», — дейилади Давлат статистика қўмитаси хабарида.

2021 йилда курс нархлари ўртача 0,3 фоизга ошган.

Нархларнинг ошиши сабаблари

Самарқанд вилоятидаги автомактаблардан бирининг раҳбарининг айтишича, март ойида ҳайдовчилар тайёрлаш мактаблари эгалари 2,5 млн сўмлик ягона нарх белгилашга келишиб олган. Ушбу миқдорга ўқув, амалий машғулотлар киради ва талабалардан қўшимча тўловлар (ёқилғи ва бошқалар учун) олинмайди.

«Ўтган йили баъзилар учун таълим нархи ҳатто 700−800 минг сўмни ташкил қилган. Илгари, шошилинч равишда ҳайдовчилик гувоҳномалари берганлар бўлган. Ёки бошқалар бир гуруҳ тингловчиларни тўплаган, лекин амалий машғулотлар учун машиналари бўлмаган. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун 2,5 млн сўм миқдорида ягона нарх белгилашга қарор қилдик. Ҳеч ким бу суммадан кўп ёки кам олмайди», — деди у.

Тадбиркорнинг айтишича, нархлар демпинги туфайли ўқитиш сифати тушиб кетган. Унга кўра, эндиликда автомактаблар эгаларининг ўзлари ягона нархларга риоя этилишини текширади.

Жиззах вилоятида ҳам ягона нарх белгиланган. Жиззахдаги автомактаб эгасининг айтишича, соҳа тадбиркорлари, ЙҲХБнинг рўйхатга олиш-имтиҳон бўлими вакиллари иштирок этган йиғилишда ягона нархни 1 млн 600 минг сўм қилиб белгилаш бўйича келишувга эришган.

«Авваллари таълим нархи 950 минг сўм, 1 млн сўм эди. Гарчи бундан 6−7 йил аввал 1 млн 200 минг сўмга ўқитилган. Энди 1,6 млн сўмлик ягона нарх белгилашга келишиб олдик. Акс ҳолда, ўқитиш нархи ўқитувчилар ва ходимларнинг иш ҳақи, ҳайдаш пайтида автомобилларни ишлатиш, коммунал тўловлар харажатларини қопламайди. Шу сабабли кўпчилик [таълимда] тежашни бошлади», — деди у.

Ҳайдовчилар тайёрлаш мактабининг яна бир раҳбари «B» тоифаси учун таълимнинг ягона нархи 1,6 млн сўм, «BC» тоифаси учун 2,04 млн сўм этиб белгиланганини қўшимча қилди.