Россияда бўлиб ўтган Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган «Саян юриши» мусобақаси якунларига кўра, Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади, дея «Газета.uz»га хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу мусобақаларда иккинчи бор иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йилги натижасини сақлаб қолди. Умумжамоа ҳисобида Россия жамоаси мусобақа ғолиби бўлган бўлса, Хитой жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.


Мусобақада Ўзбекистондан ташқари Абхазия, Эрон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Жанубий Осетия терма жамоалари иштирок этди.

Мусобақа низомига кўра, жамоалар ҳаракатланиш қийин бўлган тоғ ҳудудларида 50 километрлик масофани босиб ўтиб, 12 та шарт бўйича кўрсатилган меъёврларни бажарди. Ҳар бир жамоа иштирокчиларидан нафақат мутахассис сифатида маҳоратини кўрсатиш, балки мусобақа низомига мувофиқ, жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини ҳам намойиш қилган ҳолда ҳаракатланиш талаб этилди.


Ғолиб ва совриндорларга Халқаро армия ўйинларининг медаллари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 17 апрель, якшанба куни Тошкент халқаро аэропортида ўзбекистонлик мусобақа иштирокчилари тантанали равишда кутиб олинди.

Видео