18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида январда қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёлга тиббий йўсиндаги мажбурлов эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал қилишга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Олий суд вакили Азиз Абидов маълум қилди.

Эълон қилинган суд ажрими билан З. Тўлаганова (1991 й. т.) ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган, деб топилиб, унинг Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлари шифохонасида мажбурий даволаниши белгиланди.

Ушбу ажримдан норози томонлар 20 сутка муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судига хусусий шикоят ёки хусусий протест келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинди.

Март ойи охирида Бош прокуратура аёлга тегишли жиноят ишини унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни ҳал қилиш учун судга юборган эди. Аёл «умрбод руҳий хасталик билан бетобланиб келган», шу боис у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериш қобилиятига эга эмас, деб маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни (1991 йилда туғилган) аёл ўзининг 3 ёшли қизчасини боғ меҳмонлари кўз ўнгида тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборган эди. Зузу лақабли Кавказ айиғи қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишга муваффақ бўлишганди.

Тошкент ҳайвонот боғида айиқ вольерига онаси ташлаб юборган қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланиб, ССВ унинг аҳволи яхшилиги ва шифокорлар назоратида эканлигини маълум қилди. Ўшанда прокуратура томонидан аёлга нисбатан ЖКнинг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми «в» банди (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши очилди.

Шунингдек, уни ташлаб юборган аёл психоневрологик диспансер рўйхатида тургани, оилада босимга учрагани ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани хабар берилганди. Февраль ойи охирларида қизалоқнинг аҳволи яхшилангани боис шифохонадан уйига жавоб берилди. У ҳозирча бувисининг қарамоғида бўлади.