E-auksion савдо майдончасида Тошкентнинг Олмазор тумани Уста Ширин кўчасида жойлашган Агрегат заводи ер участкаси бўйича ким ошди савдоси якунланди.

Лотга 130,4 млрд сўм бошланғич баҳода таклиф қилинган объектни Build Power компанияси 208,7 млрд сўмга (Марказий банкнинг 18 апрелдаги курси бўйича 18,4 млн доллар) сотиб олди. Савдо қарийб 47 дақиқа давом этди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ушбу ҳудудни жорий йилнинг 13 март куни сотувга қўйган эди. Участка 9,63 гектар майдонни эгаллайди, бино ва иншоотларнинг умумий майдони 52,9 минг квадрат метрни ташкил қилади. Объектлар Agregat zavodi ва Agregat avtokomplekt балансларида жойлашган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил июнь ойида «Агрегат» заводини Чирчиқ шаҳрига кўчириш ва унинг ўрнига 12, 14, 16 қаватли арзон уйлар қуриш бўйича топшириқ берган эди.

2021 йил июлида «Газета.uz» Тошкент ва Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводлари, «Тошкент агрегат заводи», «Технолог» ва «УзКлаас Агро» корхоналари бир жойда жойлаштирилиб, саноат кластерига бирлаштирилиши ҳақида хабар берган эди. Уни барпо этиш учун 500 млрд сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Мазкур маблағлар бинолар ва иншоотларни, корхоналарнинг ер участкаларини ким ошди савдоси орқали сотиш йўли билан қайтарилиши режалаштирилган.

КТЯДР маълумотларига кўра, Build Power 2021 йил 19 ноябрда Тошкентда рўйхатга олинган. Турар-жой бинолари қурилиши билан шуғулланади. Таъсисчилар — Golden House Development (99%) ва хусусий шахс Борис Яковлев (1%).

Декабрь ойида Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 27,86 гектар майдонда ҳарбий шаҳарча жойлашган ер участкаси битимдан 11 кун олдин, 2 декабрда ташкил этилган Do’mbrobod City Group компанияси томонидан сотиб олинганди. Ўганда объект 266,4 млрд сўмга баҳоланганди. Ауционда Build Power ҳам иштирок этган.