Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми (ICIJ) 3 октябрь куни 14 та офшор рўйхатга олувчиларнинг 11,9 млн атрофидаги (қарийб 3 терабайт) ҳужжатларини ўзида мужассам этган «Pandora Архиви»ни (The Pandora Papers) эълон қилди.


Архивда Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган 60 дан ортиқ шахсларнинг исми-шарифлари келтирилади. Ижтимоий тармоқларда улар орасида бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковнинг рафиқаси Нодира Умурзакова ва қайнотаси Марлен Азизов ҳам борлигига эътибор қаратилди.

Шу жумладан, 2020 йил 23 январь ҳолатига кўра уй бекаси ҳисобланган Нодира Марленовна Умурзакова (1974 й.т.) Британиянинг Виржиния оролларида 2014 йил январида рўйхатдан ўтган Aslett Investments Limited компаниясининг бенефициар эгаси сифатида кўрсатилган.

Orginfo.uz сервиси маълумотларига кўра, бош вазир ўринбосарининг турмуш ўртоғи ва компания маҳаллий корхоналарда улушга эга эмас.

Aslett Investments Limited компаниясининг яна бир бенефициар эгаси сифатида Нодира Умурзакованинг отаси, бош вазир ўринбосарининг қайнотаси Марлен Азизов (1938 й.т.) кўрсатилган.

Ўз вақтида Чиноз уй-жой қурилиш комбинати бош директори бўлган Марлен Азизов 2012 йилдан 2016 йилга қадар Британиянинг Виржиния оролларида ташкил этилган Zarubezhvodstroy Limited, Alastor International Limited, Coribridge International Limited, Cannonford International Limited ва Hartswood Estates Limited компанияларининг ҳам бенефициари ҳисобланади.

ИТСВ муносабати

«Газета.uz» сўровига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати Марлен Азизовнинг «90 йиллар бошидан Россия Федерацияси ва Европа мамлакатларида — турли хил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганини» маълум қилди.

«М.Азизовнинг қизи Н.Умурзакова ҳеч қачон тадбиркорлик фаолиятини билан шуғулланмаган ва чет элдаги бирон-бир актив ёки мулкнинг эгаси ёки бенефициари бўлмаган. Pandora ҳужжатлари маълумотлар базасида унинг исмининг мавжудлиги М. Азизовнинг оиласи аъзоси бўлганлиги боис нотўғри кўрсатилгани билан изоҳланиши мумкин. Ҳозирда ушбу ноаниқликнинг сабаблари ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.

Рўйхатда, шунингдек, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг турмуш ўртоғи Рано Раматованинг номи ҳам келтирилган. Унинг сўзларига кўра, «бу ахборот ёлғон бўлиб, ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди». OCCRP эса мамлакатдаги йирик бизнес лойиҳаларидан бирида унинг махфий ролини қайд этган.

Шу кунларда Rost24 бош муҳаррири Анора Содиқова «Пандора архиви»даги Ўзбекистоннинг яна бир вакили, тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақолани «таҳдид ва босимлар туфайли» олиб ташлашга мажбур бўлганини маълум қилди. «Эзгу мақсад» жамғармаси матбуот хизмати қайд этишича, Rost24 журналистининг саволларига жавоб берилган. Жамғарма беморларининг шахсий маълумотлари, шифокорларнинг сири ва конфедициаль маълумотлар, шунингдек, ташкилотнинг ички сиёсати билан боғлиқ саволларга жавоб берилмаган.

Офшор компаниялар нима учун керак?

OCCRPнинг ёзишича, оффшор тузилмалардан жамоат манфаатига хизмат қиладиган, бироқ шубҳали бўлган турли хил қонуний мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Корпорациялар улардан солиқларни минималлаштириш, кераксиз оғир тартибга солувчи талабларни четлаб ўтиш ёки ўз активлари хавф остида бўлиши мумкин бўлган коррупциялашган ҳуқуқий тизим хавфидан ўзларини ҳимоя қилиш учун фойдаланади.

Бой одамлар мерос жараёнини таъминлаш ёки қиммат ажралиш жараёни содир бўлган тақдирда, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун оффшор компаниялардан фойдаланиши мумкин.

Шу билан бирга, ушбу тузилмалар ноқонуний даромадларни яширишга имкон беради, деб огоҳлантиради йиллар давомида «ландроматлар» «ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи кир ювиш хоналари — таҳр.) деб номланувчи пул ювишнинг бир нечта йирик схемаларини фош қилган OCCRP.