Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, бир гуруҳ оғуфурушлар фаолиятига чек қўйилди, дея хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Хусусан, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланиб келган, Қоракўл туманида яшовчи фуқаро (1983 й.т.) кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи эканлиги тўғрисида маълумотлар олиниб, тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилди ва наркосавдогар кузатувга олинди.

Қоракўл тумани Тайқир МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўл ёқасида у 1 кг 681 гр «опий» моддасини муқаддам судланган шахсга (1959 й.т.) 9100 долларга сотган вақтида, уларнинг ҳар иккиси ҳам қўлга олинди.

Шунингдек, дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, оғуфуруш келгусида сотиш мақсадида яшаш хонадонининг томорқасига 1 кг 68 гр «опий» моддасини яшириб қўйганлиги маълум бўлиб, у ҳам холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўз навбатида, мусодара этилган гиёҳвандлик воситалари афғонистонлик наркокурьерлар томонидан келтирилгани тўғрисида маълумотлар олиниб, ДХХ ҳамда вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирнинг иккинчи босқичи амалга оширилди. Натижада, Афғонистон фуқароси (1971 й.т.) 940 гр «опий» моддасини Бухоро шаҳрига олиб келиб, 2500 долларга сотган вақтида қўлга олинди.

ДХХнинг таъкидлашича, ушбу гиёҳвандлик воситаси бошқа афғон наркокуръерлари томонидан божхона назоратидан яшириб, мамлакат ҳудудига олиб ўтилган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 3 кг 689 гр «опий» моддаси мусодара қилинди.

Ҳозирда ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ҳар уччала фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қорасув шаҳрида яшовчи, фуқаро (1993 й.т.) қирғизистонлик наркокуръерлар томонидан Андижон шаҳрига етказиб берилган 5 кг. 311 гр. «гашиш» моддасини қабул қилиб олган вақтида ушланди.

Унинг яшаш манзилида 224 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Бундан ташқари, унинг жиноий шериги бўлган, Қорасув шаҳрида истиқомат қилувчи, шахс (1994 й.т.) ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур икки фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган.