15 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қонунга мувофиқ, давлатнинг киберхавфсизлигини таъминлашда кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида қайд этилган.

Қонунда мамлакатда киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсати президент томонидан белгиланиши назарда тутилган. Киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Давлат хавфсизлик хизмати тайинланган.

Қонун давлат ташкилотларининг киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида ваколатли давлат органидан кибертаҳдидлар, дастурий таъминотдаги, ускуналар ва технологиялардаги заифликлар тўғрисидаги ахборотни олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурсларига тегишли маълумотларнинг сақланишини таъминлаш маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. Қонунга мувофиқ, уларнинг сақланиш муддати охирги 3 ойдан кам бўлмаслиги лозим.

Қонунда ахборот тизимларини киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби белгиланган. Экспертиза ўтказиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади. Хусусан, экспертиза мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилиши мумкин. Қонунга кўра, қуйидагилар киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим:

  • давлат органларининг ахборот ресурслари;
  • давлат органларининг ахборот тизимлари;
  • муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган ахборот тизимлари.

Шунингдек, киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида қўлланиладиган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар мажбурий тартибда сертификатлаштирилиши лозим.

Қонунга мувофиқ, ахборот тизимлари ва ресурсларида аниқланган заифлик, кибертаҳдид, киберҳужумлар ва бошқа бузғунчилик ҳаракатлари тўғрисидаги, шунингдек, ахборотлаштириш объектлари юзасидан ахборот уларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилганидан кейин киберхавфсизлик субъектининг рухсати билан ошкор қилиниши мумкин.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.