16 апрель куни Россия Лондон санкцияларига жавоб тариқасида «стоп рўйхат»га Буюк Британия ҳукуматининг асосий аъзолари ва бир қатор сиёсий арбобларни киритди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Буюк Британия ҳукуматининг мисли кўрилмаган душманона ҳаракатлари муносабати билан, хусусан, Россия Федерациясининг юқори мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар қўллагани учун Буюк Британия ҳукуматининг асосий аъзолари ва бир қатор сиёсий арбобларини Россиянинг «стоп рўйхати»га киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Мазкур рўйхатдаги шахсларнинг Россия ҳудудига кириши тақиқланади.

«Бу қадам Лондоннинг Россияни халқаро миқёсда яккалаб қўйиш, мамлакатимизни тийиб туриш ва ички иқтисодиётни бўғиш учун шароит яратишга қаратилган ахборот ва сиёсий кампаниясига жавоб сифатида қабул қилинди», — дейилади баёнотда.

Рўйхатга киритилганлар:

  • Борис Жонсон — Буюк Британия бош вазири;
  • Доминик Рааб — бош вазир ўринбосари, адлия вазири;
  • Элизабет Трасс — ташқи ишлар вазири;
  • Бен Уоллес — мудофаа вазири
  • Грант Шаппс — транспорт вазири;
  • Прити Пател — ички ишлар вазири;
  • Риши Сунак — молия вазири;
  • Квази Квартенг — тадбиркорлик, энергетика ва саноат стратегияси вазири;
  • Надин Доррис — рақамлаштириш, маданият, ОАВ ва спорт вазири;
  • Жеймс Хиппи — мудофаа вазири ўринбосари;
  • Никола Стерджен — Шотландиянинг биринчи вазири;
  • Суэлла Браверман — Англия ва Уелс бош прокурори;
  • Тереза Мэй — Консервативлар партиясидан парламент депутати ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири.

Хабарда қўшимча қилинишича, яқин фурсатларда ушбу рўйхат Буюк Британия сиёсатчилари ва парламент аъзолари ҳисобига янада кенгаяди.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрель куни Буюк Британия Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Ушбу санкцияларга кўра, 8 нафар шахснинг активлари музлатилди. Бу Украинадаги ҳарбий амалиётга жавобан Буюк Британиянинг Россияга қарши санкцияларининг бешинчи пакети ҳисобланади.