ДХХ Тошкентда ўтказган тезкор тадбирда «Realnaya investitsiya» МЧЖ томонидан молиявий пирамида ташкил этилгани аниқланди.

Таъкидланишича, жамият ўзини трейдерлик фаолияти билан шуғулланаётганлигини маълум қилиб, молия-иқтисод соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган фуқароларни ишончига кирган ҳолда, уларнинг шахсий маблағларини ноқонуний ўзлаштириб келган.

Жамиятни 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган шахс 2020 йилда ташкил этгани ва мижозлар топиш мақсадида Telegram ҳамда Instagram тармоқларида гуруҳ очиб, тарғибот ишларини олиб боргани айтилмоқда.


Жамият раҳбари мижозлардан 15 минг доллардан 200 минг долларгача бўлган миқдорда пул маблағларини қабул қилиб олган ҳамда уларга ҳар ойда камида 10% дан фойда беришни ваъда қилган, дейилади хабарда. Ушбу фойдани янги жалб қилинган фуқароларнинг пул маблағлари ҳисобидан тўлаб келган.

Тезкор тадбир видеосида гумонланувчининг ҳозирги кунда 100 нафар атрофидаги шахслардан жами 2,5−3 млн АҚШ доллари миқдорида қарздорлиги мавжудлигини айтди.

«МЧЖ раҳбари ноқонуний йўл билан топилган даромадларини бир нечта кўчмас мулклар ва қимматбаҳо автомашиналар харид қилиш орқали легаллаштирган», — дейилади хабарда.


Ҳозирда ҳолат юзасидан масъулияти чекланган жамият раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда (фирибгарлик), 178-модда (чет эл валютасини яшириш), 179-модда (сохта тадбиркорлик), 184-модда (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 188−1-модда (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият), 189-модда (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 243-моддани (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) қўллаган ҳолда мазкур жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Realnaya Investitsiya» МЧЖдан жабр кўрган фуқаролардан Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиш сўралмоқда.