15 апрель куни «Қамчиқ» довонида «Тошкент-Водий» йўналишда ҳаракатланган Қирғизистоннинг ЧАКМАН русумли юк автомашинаси йўлда ЙТҲга учради. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.

«Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали — Ўш» автомобиль йўлининг 196 кмда Қамчиқ довонида қирғизистонлик ҳайдовчи бошқарувни йўқотди.

Бунинг оқибатида йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилиб, қарама-қарши йўналишнинг бир қисмига йиқилиб қолди. Бунинг ортидан йўлнинг ҳаракат қисмини тўсиб қўйди.


Махсус қидирув ёнғин қутқарув бошқармаси, ЙПХ ва «Қамчиқавтойўл» ИЙФУК ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб борди.

Аниқланишича, автомашина цистернасида пропан суюлтирилган газ бўлган, ҳайдовчи (автомашинада ёлғиз бўлган) Қирғизистон фуқароси воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, қутқарувчилар ҳодиса оқибатларини техникалар ёрдамида бартараф этган. Ҳозирда автомобильларнинг ҳавфсиз ҳаракати қайта тикланган.