Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар мажбурий даволаш наркология шифохонаси ҳодимлари ер ағдариш ишларига жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Меҳнат вазирлиги мазкур ҳолатни Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасининг Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиб чиққанини маълум қилди.

Дарё нашри эълон қилган видеода шифохона ҳудуди 8 гектар майдонни ташкил қилиши ва боғбон бўлмагани учун тиббиёт ходимлари, асосан аёлларнинг ўзи ерни ағдариб, ўтлардан тозалашга мажбур бўлаётгани айтилганди.

Аниқланишича, шифохона хўжалик ишлари мудири ходимлардан муассаса ҳудудида ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларни бажаришини талаб қилган.

Мазкур ҳолат туфайли шифохонанинг хўжалик ишлари мудири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисми (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) билан маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу турдаги ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 50−100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.