Президент 15 апрель куни «Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги [ПҚ-208-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, 2022 йилда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича даромадлар ошириб бажарилган қисмидан ҳудудий бюджетларга йўналтириладиган маблағларнинг 40 фоизи республика бюджетида қолдирилади.

2022 йил апрель-декабрь ойларида давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг 15 фоизи республика бюджетига ўтказилади. Шунингдек, жамғармалардаги бўш турган пулларни банкка жойлаштириш орқали олинадиган даромадларнинг ҳам 15% қисми давлат бюджетига йўналтирилади.

1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар қилмайди.

Давлат органлари жорий йил якунигача асосий воситаларни харид қилиши ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаши тақиқланди (мактаблар, боғчалар, тиббиёт ва тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйлари мустасно).

Қолаверса, эндиликда юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблашда миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) солиқ базаси сифатида кўрилмайди.

Мазкур харажат қисқартмалари ҳақида президент 31 март куни ўтказилган видеоселекторда маълум қилганди. Унда бюджет харажатларини 10 трлн сўмга қисқартириш зарурлиги таъкидланганди. Шунга кўра, йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш тақиқланди. Қолаверса, улар молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошламаслиги керак.