2018−2021 йиллар давомида «Аёллар дафтари» юритилиши йўлга қўйилиб, 1 млн нафарга яқин хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилди.

Бу ҳақда 15 апрель куни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг биринчи мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева маълум қилди.

Қолаверса, Хотин-қизларнинг уй-жой муаммолари деярли ҳал этилгани ва 2018 йилдан бери 2730 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминлангани айтилди.

Хотин-қизларни касбга ўқитиш тизими жорий этилиб, охирги 3 йил давомида 144 700 нафарга яқин хотин-қизлар турли касб-ҳунарга ўқитилди.

«Охирги 3 йил давомида 590 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланди, 535 минг нафарга яқини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 44 300 нафардан ортиғига субсидия ажратилди», — деди Танзила Нарбаева.

Ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредит бериш тизими жорий этилди.

2019−2021 йиллар давомида қарийб 208 500 нафар аёлларга 7 трлн 756 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.