14 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковни қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда президент Ўзбекистон Қирғизистоннинг жуда муҳим ташқи сиёсий ва стратегик ҳамкори эканини тасдиқлади. Қолаверса, у қўшни мамлакат билан давлатлараро муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

Садир Жапаров жорий йилнинг май ойи охирида ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга жавоб ташрифини мамнуният билан қайд этиб, олий даражадаги қирғиз-ўзбек музокаралари қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ривожланишнинг кейинги сифат босқичига олиб чиқишига ишонч билдирди, дейилади хабарда.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Ўз навбатида Сардор Умурзаков Ўзбекистон етакчисининг жавоб ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Бишкекга ташриф буюрганини маълум қилди.

Қолаверса, бош вазир ўринбосари яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик руҳида ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳамда ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр ва манфаатдор эканини тасдиқлади.

«Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги энг долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди ва қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни жадаллаштириш ҳамда юзага келаётган масалаларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича қатор таклифларни билдирди», — дейилади Ўзбекистон ИТСВ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров 2021 йил январь ойида Қирғизистон президенти сифатида сайланганидан кейин илк хорижий сафарини март ойида Ўзбекистондан бошлаган эди. Ўшанда у тор доирада бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга таклиф қилганди.