Uzbekistan Airports АЖда персонал ва ахборот технологиялари бўйича раис ўринбосарлари тайинланди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Сардор Абдуллаев Uzbekistan Airports бошқарув раисининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиси Сардор Абдуллаев ўз фаолиятини Тошкент молия бошқармасида бошлаган. Бир неча йил давомида Вазирлар Маҳкамасининг ахборот технологиялари, телекоммуникациялар ва ахборот хавфсизлиги департаментида ишлаган.

2020 йилдан 2022 йилгача Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари бўлган.

Боходир Мирусманов эса Uzbekistan Airports бошқарув раисининг персонал бўйича ўринбосари бўлди.

У Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти мудири лавозимида ишлаган.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтини тамомлаган, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Ўзбекистон президенти Девонида фаолият юритган.