14 аппрель куни Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати. Унда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков иштирок этди.

Фото: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров. gov.kg

Қирғизистон бош вазирининг сўзларига кўра, айни пайтда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош ҳудудида логистика марказини қуриш лойиҳаси фаол босқичда.

«Қизил-Қия шаҳрида Фарғона ва Боткен вилоятларини боғловчи савдо-логистика марказини қуриш ва ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишончим комилки, ушбу савдо-логистика марказининг ишга туширилиши мамлакатларимиз ўртасидаги экспорт-импорт операцияларини ривожлантиришда кучли импульс бўлади», — деди Акилбек Жапаров.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

«Жамғарма нафақат ўз маблағлари ҳисобидан, балки бошқа тижорат манбаларини — халқаро молия институтлари, тижорат банклари, инвестиция компаниялари ва жамғармаларни жалб қилиш орқали молиялаштириш воситаси сифатида фаолият юритади», — деб ёзади Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва ривожлантириш, шунингдек, ўзаро манфаатли устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали икки томонлама ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган. Тегишли битим иккала иштирокчи давлатлар томонидан 2021 йил август (Қирғизистон) ва ноябрь (Ўзбекистон) ойларида ратификация қилинган.

Жамғарманинг устав капитали 50 млн АҚШ долларини ташкил этади. Келгусида бу суммани 200 млн долларга етказиш режалаштирилган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Бишкекда жойлашган.

akchabar.kg нашрининг ёзишича, Азиз Аалиев жамғарманинг бошқарув раиси этиб тайинланган. Жамғарма ишлари бўйича Ўзбекистон томонидан ваколатли орган Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобланади.