Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида 43 туп дарахт ноқонуний кесилгани аниқланди. Бу Давлат экологик назорат инспекторлари томонидан ўтказилган текширувда маълум бўлди, деб хабар берди Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига Ангор тумани «Гулзор» маҳалласи ҳудудидаги 6-сонли Мактабгача таълим муассасасида дарахт кесилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган.


Ўрганиш натижасида, бино ҳудудида 1 туп можжевельник, 1 туп рус дарахти ва 41 туп туя дарахтларининг таг қисмидан ноқонуний кесиб ташланганлиги аниқланди.

Ҳозирда Давлат экологик назорат инспекторлари ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Масалан, Қўқон шаҳрида фуқаро рухсатсиз 3 туп чинор дарахтини кесиб ташлагани аниқланди.

Бундан ташқари, 3 ферваль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик. Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.