Тошкентнинг асосий кўчаларида чуқурликларни бартараф этиш ишлари бошланди. Қайси кўчалар асосий ҳисобланади?

Тошкент ҳокими 10 кун ичида пойтахтнинг асосий кўчаларидаги барча чуқурларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқ берди. Шаҳарда жами 76 та шундай кўча бор — таъмирлаш жараёнида устуворлик даставвал айнан шу кўчаларга берилади. Рақамли ривожланиш департаментининг маълум қилишича, «Халқ назорати» порталига ариза топшириш орқали таъмирлаш ишларини тезлаштиришга ёрдам бериш мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи май ойида бўлиши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга жавоб ташрифи май ойи охирларида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашувда олий даражадаги ташрифга тайёргарлик кўриш мақсадида Бишкек шаҳрига келганини маълум қилди.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош ҳудудида савдо-логистика маркази қурилади

Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Жамғарманинг устав капитали 50 млн долларни ташкил этади. Келгусида бу суммани 200 млн долларга етказиш режалаштирилган. Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош ҳудудида логистика марказини қуриш лойиҳаси фаол босқичда экани ҳам маълум қилинди.

1 млн нафарга яқин хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди — Танзила Нарбаева

Сенат раиси Танзила Нарбаева 2018−2021 йилларда «Аёллар дафтари»га киритилган 1 млн нафарга яқин хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилганини маълум қилди. Жумладан, хотин-қизларнинг 2730 нафари уй-жой, 590 мингга яқини эса доимий иш билан таъминланган. Сўнгги 3 йилда 208,5 минг аёлга 7,7 трлн сўмдан ортиқ кредит ҳам берилган.

Дилшод Кенжаев президент маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди

2021 йилдан бери президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлиб ишлаган Дилшод Кенжаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодиржон Халбутаев эгаллади.

«Сайлов кодексига зидлигини биламиз». Навоийда ҳоким ўринбосари депутатлик қилаётганига изоҳ берилди

Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ўринов ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги котибият мудири Мақсуд Нуруллаев бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида депутатлик қилади. Уларнинг депутатликдан кетиш бўйича аризаси олинган бўлса-да, ҳануз кенгашга аъзолигича қолмоқда. Буни «сайлов кодексига зидлигини биламиз», дея изоҳлади ҳокимият матбуот хизмати раҳбари Бектемир Пирнафасов. Унинг сўзларига кўра, «бу ҳолат фақат Навоий вилоятида эмас, балки ҳар битта вилоятда камида 2−3 тадан бор».

Сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича дастур қабул қилинади — президент

Бир ҳафта ичида Ўзбекистонда сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. 1 октябрга қадар 4,5 минг км суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 кмни бетонлаш, 3 мингта гидротехник иншоот ва 490 км насос қувурларини таъмирлаш, 3,5 мингта насос ўрнатиш, 281 та қудуқ қазиш режа қилинган. Президент бунинг учун 300 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилди.

Сурхондарёда 43 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди

Ангор туманидаги 6-сонли болалар боғчаси ҳудудида 43 туп жумладан, можжевельник ва туя дарахтлари таг қисмидан ноқонуний тарзда кесиб ташланганлиги аниқланди. Давлат экологик назорат инспекторлари ҳолатни ўрганмоқда.

1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар соддалаштирилади

Президент 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилди. Унга кўра, айланмаси 1 млрд сўмдан ошган тадбиркорларга ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси автоматик тарзда берилади. Қолаверса, 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади.

Ситораи Моҳи Хосса саройининг бир қисми нотўғри реставрация сабабли тарихий қийматини йўқотди

Бухоро амирининг Ситораи Моҳи Хосса ёзги саройида нотўғри реставрация ишлари олиб борилиши натижасида мажмуанинг бир қисми тарихий ва бадиий қийматини йўқотди. Маданий мерос агентлиги ўрганиш ишларини Бош прокуратурага юборди.

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази рўйхатга олинди

Адлия вазирлиги Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказини рўйхатдан ўтказди. Марказ мамлакат ҳудудида футбол мусобақаларини бошқарувчи ҳакамлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни тайёрлаш билан шуғулланади.

ЙҲҚга яна қандай ўзгартишлар киритилди?

Юк машиналари фақат четки ўнг қаторда ҳаракатланиши мумкин, пиёдалар ўтиш жойларига 10 метрдан кам масофада тўхташ тақиқланади, велосипедчилар тунги вақтда нур қайтарувчи жилет кийишлари керак — ЙҲҚга яна қандай ўзгартиришлар киритилган.

5 йил ичида Қорақалпоғистонда ЯИМ 1,5 бараварга ўсиши керак

Ҳукумат Қорақалпоғистонни 2026 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини тасдиқланди. Ҳужжатда ҳудудни ривожлантиришнинг «ўсиш нуқта» лари ва драйвер соҳалари белгиланган бўлиб, унга кўра 5 йил ичида ялпи ички маҳсулот ва саноат ишлаб чиқаришини 1,5 бараварга ошириш вазифаси қўйилган.

Дам олиш кунлари иссиқ бўлади

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кун давомида +35 даражагача кўтарилади, бу апрель ойининг ўрталаридаги меъёрдан 6−8 даражага юқори. Ёғингарчилик кутилмайди, фақат шимолий ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Тошкентнинг қаерида майсазорда дам олиш мумкин? — қўлланма

Тошкентда чим устида юриш ва майсалар устида дам олишга ҳалигача советча руҳда жавоб берилади: «Мумкин эмас». Лекин барибир шаҳарда бунга рухсат берилган жойлар пайдо бўлмоқда. «Газета.uz» майса устида дам олиш мумкин бўлган жойларни қидириб, пойтахтни айланиб чиқди. Биз ўзимиз билан машҳур архитектор Кристофер Александрнинг «Шаблонлар тили» китобини ҳам олдик — ундаги ғоялар расмийлар одамларга майсазорда дам олишни нима учун тақиқламаслиги кераклигини тушунишга ёрдам беради.