Тошкент Давлат юридик университети масъул раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Прокуратура идоралари мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ўтказган маданий меросни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланишда қонун талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишларда маълум бўлишича, университет томонидан Сайилгоҳ кўчасидаги XIX асрга оид архитектура ёдгорлигида (собиқ Эркаклар ва Аёллар гимназияси) тегишли рухсатнома олмай туриб ноқонуний қурилиш ишлари бажарилган.

Хусусан мутахассислар бино деворлари тешилиб, қайд этиш тахтачалари ўрнатилгани ва атрофлари бўялгани, совуткич (кондиционер) двигателлари ҳамда соябонлар ўрнатилгани аниқланди.

Олийгоҳ раҳбарияти қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажармаган. Шу сабабли, ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга тақдим қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 31 мартдаги қарори билан университетнинг масъул раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди. Унга нисбатан БҲМнинг 3 баравари миқдорида (810 минг сўм) жарима қўлланилди. Назорат давом этмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот учун, пойтахтда ҳозирда маданий мерос ҳисобланган бино-иншоотларнинг 30 тасидан умумтаълим мактаби, 5 тасидан касб-ҳунар коллежи, 24 тасидан олийгоҳ, 109 тасидан вазирлик ва идораларнинг маъмурий бинолари сифатида фойдаланиб келинади.