Эроннинг Тойинобод шаҳрида Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо томонидан қурилган масжид деворида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий томонидан қолдирилган ноёб битиклар топилди. Бу Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев ва Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Мансур Исроиловнинг Эронга хизмат сафари давомида маълум бўлди, дея хабар бермоқда Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

Турсунали Қўзиевнинг сўзларига кўра, Амир Темур Эронга ташрифи давомида Машҳад вилоятининг Тойинобод шаҳрида шайх Абу Бакр Зайн-ул Обиддин Тоййибиний билан учрашган ва у билан дўстлашиб қолган. Узоқ йиллар давомида у билан ёзишиб турган. Ушбу дўстлик ҳурматига Шоҳрух Мирзо шаҳарда масжид қурдиради.


«Масжид бугунги кунга қадар сақланиб қолган ва кўплаб алломаларимизнинг дўстона муносабатларини ўзида муҳрлаган. Шуниси диққатга сазоворки, кўп ҳукмдорлар ва таниқли арбоблар бу масжидга келиб, намоз ўқишни ўзлари учун шараф деб билишган. Масжиднинг деворида юқори мартабали меҳмонлар учун ҳурмат девори бўлиб, уларда меҳмонлар ўз тилаклари ёки битикларини ёзиб қолдиришган. Уларни кўздан кечираётиб, ажойиб янгилик — Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этдик», — деди у.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Маълум қилинишича, мазкур ташриф президентнинг 2021 йил 19 июндаги 5150-сон қарори асосида ташкил этилган. Унда маданий мерос объектларини реставрация қилишда Эрон ва Туркиядан малакали мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилиш ҳамда улар иштирокида асрашга доир ишларни олиб бориш белгиланган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг март ойида Эронга хизмат сафари ташкил этилди. Айни дамда улуғ алломалар битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.