Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, ЖШШИРни аниқлаш ва бериш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламент тасдиқланди.

1 июндан бошлаб шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматлари йўлга қўйилади.

Қуйидаги ҳолатларда идентификация рақами берилади:

  • Ўзбекистонда туғилган барча шахсларга туғилганликни қайд этиш жараёнида;
  • чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга эса идентификация ID-картаси берилганда;
  • чет давлат фуқаросига Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлиб турганда ёки ўз фаолиятини ишончли вакили орқали амалга ошираётганда;
  • фуқаролиги бўлмаган шахсга биометрик ҳаракатланиш ҳужжати расмийлаштирилганда;
  • чет давлатда вақтинча ёки доимий яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари, уларнинг фарзандлари, чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга.

Қолаверса, жисмоний шахснинг электрон талабномаси ҳам шакллантирилади.

Қарор билан Давлат персоналлаштириш маркази ва АКТ вазирлигига тегишли ҳамкор такшилотлар билан 1 июнга қадар ЖШШИРни бериш бўйича ахборот тизимларини интеграция қилиш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали чет давлатлар жисмоний шахсларининг маълумотларини онлайн равишда текшириш бўйича веб-сервис ишлаб чиқиб, уни «Электрон ҳукумат» тизими махсус платформага интеграция қилинади.

Аввалроқ, 9 апрелдан бошлаб жисмоний шахслар тўлов ҳужжатларига солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ўрнига ЖШШИРни кўрсатишлари кераклиги ҳақида ёзгандик.

Маълумот учун, ЖШШИР фуқаролик паспортида кўрсатилган бўлиб, у пастки қаторда жойлашган ва 14 та рақамдан иборат. Ушбу рақам ID картанинг орқа томонида «Шахсий рақам / Personal number» ёзуви остида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан жисмоний шахсларга СТИР бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти бекор қилинганди.