Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қорадарё электр таъминоти корхонаси раҳбари электр энергияси истеъмолчиси томонидан пичоқланди, дея хабар қилди «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, туманда фаолият юритувчи «Zarina fayz kelаjagi» МЧЖ корхонаси электр энергиясидан 57 млн сўмлик муддати ўтган қарздорлиги учун туман электр таъминоти корхонаси масъуллари томонидан ўчирилган.

Шундан сўнг, МЧЖ раҳбари Қорадарё электр таъминоти корхонаси раҳбари Пирхон Назаровдан электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд бўлсада, тармоққа қайта улаб беришни талаб қилган. Корхона раҳбари, ўз навбатида, қарздорлик тўлиқ бартараф этилгач, истеъмолчи тармоққа қайта уланишини маълум қилган.

Корхона раҳбарининг асосли талабини бажаришни истамаган МЧЖ раҳбари келишмовчилик давомида ўзи билан ёнида олиб кирган пичоқ билан ўқталиб, туман электр таъминоти корхонаси раҳбарининг бўйин қисмига жароҳат етказади.

«Ҳозирда туман электр таъминоти корхонаси раҳбари шифохонага жойлаштирилган ва шифокорлар назоратида. Аҳволи қониқарли. Ўтказилган таҳлиллар натижасида унинг чап томонлама бўйин олд ён соҳасида кесилган жароҳат борлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида иш қўзғатилган ҳамда процессуал тартибда ушланиб, қамоққа олинган.

Қайд этилишича, 1 апрелдан вилоятда электр энергиясидан катта миқдорда қарздор бўлган ҳамда турли хил йўллар билан тармоққа ноқонуний уланиб олган тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларини аниқлаш ҳамда тегишли тартибда айни қонунбузарлик учун жаримага тортиш юзасидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, 13 кун мобайнида ишчи гуруҳи томонидан вилоятда 130 дан ортиқ истеъмолчи электр энергиясидан ўғринча фойдаланаётгани аниқланиб, улар томонидан етказилган 1,334 млнкВт•соат электр энергияси ёки 400,4 млн сўм қайта ҳисобланган.