Қирғизистон президенти Садир Жапаров 12 апрель оқшомида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган навбатдаги можародан кейин қирғиз халқига, журналист ва ўзини блогер деб санайдиганларга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда «Нигоҳ» Telegram канали хабар берди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатини мамлакатда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари, сўзсиз, сақланиб қолиши ва уларга риоя этилишини таъкидлаш билан бошлади.

«Мамлакатимизда ҳар ким хоҳлаганини айтиши мумкин ва турли акцияларга чиқиши мумкин. Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Лекин журналистлар ва ўзини блоггер деб ҳисоблайдиганлардан бир нарсани сўраган бўлар эдим. Қўшни давлатлар билан можаролар ҳақида гап кетганда, маълумотни бузиб кўрсатадиган ва бу давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилувчи турли видео ва фото материалларни тарқатишга йўл қўйманг», — деди Садир Жапаров.

Унинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар «ахлоқий ва этика меъёрларга тўғри келмайди». «Бундай қилиш орқали вазиятни оғирлаштирасиз ва икки халқ ўртасида адоват уйғотасиз», — дея таъкидлади у.

Садир Жапаров Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан давлат чегарасини белгилашда муаммолар борлигини тан олиб, бу ишнинг қачон якунланиши ҳақида маълумот берди.

«Ҳа, чегара масаласи бор. 30 йилдан бери ҳал этилмаган муаммо ҳозирда катта эътибор ва узоқни кўра билишни талаб қилади. Айни кунларда музокаралар олиб борилмоқда. Тавсифланмаган километрлар кўп. Бу вақт талаб этади. Худо хоҳласа, президентлик муддатим тугагунча бу масалани ҳал этиш ниятидаман», — дейди Қирғизстон президенти.

У шунингдек, қирғизистонликлардан сўз эркинлигини суистеъмол қилмасликни сўраб, Украинадаги ҳарбий операциялар масаласида тарқалаётган ёлғон хабарлар бўйича ҳам муносабат билдирди.

«Ҳурматли қирғизистонликлар. Фақат сўз эркинлиги ниқоби остида ёлғон маълумотлар тарқатишни бас қилайлик. Бир ой олдин сохта аккаунт остида Қирғизистон гўёки Украинага оғир ҳарбий техника ва аскарларни олиб ўта бошлагани ҳақида маълумот тарқалган эди. Расмий оммавий ахборот воситалари орқали бундай маълумотларни тарқатган фуқаролар ҳам бўлган. Биринчидан, буни қилиш уят. Иккинчидан, Қирғизистон жаҳон ҳамжамиятига ёлғон кўринишда тақдим этилмоқда. Агар мухолифат бўлмоқчи бўлсангиз, шахсан менга бўлинг, мамлакатни тинч қўйинг. Уруш билан ўйнаманг. Аллоҳим халқимизни урушдан асрасин», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, 12 апрель куни кечқурун Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида чегарачилар ўртасида отишма содир бўлди. Тожикистон томони бир киши, қирғизистонлик икки нафар ярадор ҳақида хабар берди.

Садир Жапаров 2021 йил 10 январь куни Қирғизистон президенти этиб сайланди. Унинг президентлик муддати 5 йил.