Япония ташқи ишлар вазири Йосимаса Хаяси апрель ойи охирида Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Япония ҳукуматидаги манбаларга таяниб, Kyodo хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, Токио, шунингдек, июнь ойи охирига қадар минтақадаги беш давлат, жумладан Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларининг йиғилишини ўтказиб, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини муҳокама қилишни режалаштирган.

Япония ва беш давлат ташқи ишлар вазирлари 2004 йилда минтақавий ривожланиш масалалари бўйича мулоқотни бошлаган. 2020 йилда улар видеоконференция ўтказиб, коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳамкорлик қилишга келишиб олганди.

Kyodo`нинг қайд этишича, Хитой ўзининг «Бир камар — бир йўл» ташаббуси доирасида Марказий Осиёдаги кенг кўламли инфратузилмага сармоя киритишда давом этмоқда. Январь ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўша беш давлат раҳбарлари билан онлайн музокаралар ўтказиб, минтақавий хавфсизликни муҳокама қилганди.

Режалаштирилган йиғилишда Япония Хитой кредитлари уни қайтаришда муаммоларга дуч келиши мумкин бўлган мамлакатларга оғирлик қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши кутилмоқда. Агентлик манбаларига кўра, Йосимаса Хаяси Япония сармоясининг сифатини эътироф этиши, шунингдек, пандемияга қарши курашда ёрдам беришини эълон қилиши мумкин.

2022 йилда Япония Марказий Осиёнинг бешта давлати билан дипломатик муносабатларни ўрнатганига 30 йил тўлади.

Ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров агар мамлакат давлат қарзини ўз вақтида тўламаса, айрим инфратузилма объектлари Хитой назоратига ўтиши мумкинлигини маълум қилганди. Шу билан бирга, кредитни тўлаш манбалари мавжудлигини таъкидлаганди. Октябрь ойида Хитой Қирғизистонга тўловларни олти йилга кечиктиришга рози бўлганди.