14 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида АКТ ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда унинг матбуо котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилиш давомида президент Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш вазифасини қўйди.

Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарурлиги айтилди:

  • IT экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;
  • ички IT хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;
  • жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш.

«Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни „драйвер“ соҳага айлантириб, IT хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича катта-катта мақсадларни қўйдик. Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди давлат раҳбари.

АКТ вазири Шерзод Шерматов. Фото: Президент матбуот хизмати.

«Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини амалга оширишни қатъий назорат қилиб боришга кўрсатма берилди.

Ҳозирги лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари етарли даражада эмаслиги, АКТ вазирлигига бу борадаги иш услуби ва ёндашувларни ўзгартириш орқали бир ой муддатда ҳамма вазирлик ва ҳудудлар билан лойиҳа режаларини қайта кўриб чиқиш, йил якунига қадар жами 404 та ҳудудий, 133 та тармоқ лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 30 та, йил якунигача 40 та давлат хизматларини ягона порталга киритиш вазифаси қўйилди. Порталдаги хизматлар сони 376 тага етади.

Йил якунигача пенсияга ариза бериш, шахсий гувоҳнома олиш, суғурталаш каби 50 та хизматнинг мобиль иловаси яратилиб, уларнинг сони 150 тага етказилади.

Шу орқали давлат хизматидан онлайн фойдаланувчилар сони ҳозирги 1,5 миллиондан камида 4 миллионга етказилади.

Давлат раҳбари телекоммуникация тармоғини кенгайтириш йўналишида ҳам қатор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, йил якунига қадар 6800 та янги мобиль станцияни ўрнатиш ва 80 та олис қишлоқни алоқа тизимига улаш (яна 38 та қишлоқ 2023 йилда уланади), қўшимча 800 минг хонадонни юқори тезликдаги интернетга улаш, республика бўйича оптик толали алоқа қамровини 80 фоизга етказиш, 60 фоиз магистрал йўлларни мобиль интернет билан таъминлаш топширилди.

Энг муҳими, 1 сентябрга қадар Тошкент вилоятида республикада илк бор юқори қувватли Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилади.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 100 миллион, йил якунигача 300 миллион доллар инвестицияни ўзлаштириш, икки ой муддатда Абу Даби фонди билан «Ўзбекистон почтаси»ни трансформация қилиш режасини ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.