Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Украинадаги урушнинг салбий оқибатлари таъсирини ҳисобга олган ҳолда, 2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнозларини 6 фоиздан 3−4 фоизача пасайтирганини маълум қилди. Ташкилот буни Украинадаги уруш ҳамда Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар фонида юзага келган ноаниқликлар ва пандемиянинг қайта авж олиши билан боғлиқ бошқа рискларнинг мамлакат иқтисодиёти учун потенциал салбий оқибатлари билан изоҳламоқда.

2022 йилнинг 31 мартидан 13 апрелига қадар ХВЖ миссияси консултацион муҳокамалар ўтказиш мақсадида Тошкентда бўлди. Миссия якунида 2022 йил учун Ўзбекистоннинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва умумий иқтисодий вазият юзасидан ХВЖнинг якуний баёноти эълон қилинди.

Ривожланиш истиқболларига салбий таъсир этувчи потенциал омиллар

ХВЖ хулосасига кўра, Ўзбекистон пандемия оқибатларини муваффақиятли енгиб ўтган бир пайтда, Украинадаги уруш ҳамда Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар мамлакат иқтисодиёти учун янги ноаниқликни келтириб чиқарди ва унинг ривожланиш истиқболларига салбий таъсир кўрсатади. Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори, пул ўтказмалари ҳамда энергетика ва тоғ-кон саноатини молиялаштиришнинг асосий манбаси ҳисобланади.

Савдодаги узилишлар, ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши ҳамда глобал молиявий шароитларнинг кескинлашуви ортидан мамлакат иқтисодий ривожланишига қўшимча чекловлар юзага келади. Волатиллик ва ноаниқлик бироз вақт давомида юқорилигича қолиши кутилмоқда.

Россиядан кириб келадиган пул ўтказмалари ва молиялаштиришнинг қисқариши, етказиб бериш занжиридаги кутилаётган узилишлар ва бошқа сабабларга кўра мамлакатда истеъмол ва инвестицияларнинг қисқариши кутилмоқда.

Жорий операциялар ҳисоби дефицити ЯИМга нисбатан 9,5 фоизгача ўсиши прогноз қилинмоқда, айни пайтда пул ўтказмаларининг қисқариши импортнинг камайиши ва хомашё товарлар экспортидан олинадиган даромадларнинг ошиши ҳисобига қисман қопланади. Жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи нархларининг кескин ўсиши туфайли 2022 йилда инфляция кўрсаткичи юқори — 12 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда.

Ташкилот мазкур прогнозлар юқори ноаниқлик билан тавсифланишини ҳамда прогноз кўрсаткичларнинг эҳтимолий пасайиш хавфини қайд этган. Хусусан, бу каби рисклар урушнинг кучайиши ва санкциялар, шунингдек, COVID-19 вирусининг янги штамлари пайдо бўлиши ортидан пандемиянинг қайта кун тартибига чиқиши билан боғлиқ. Ташкилотга кўра, мамлакат аҳолисининг янада кўпроқ қисми вирусга қарши вакцинация қилинишини таъминлаш мақсадида иммунизация дастурларини давом эттириш зарур.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг бошқа асосий савдо ҳамкорлари, жумладан, Хитой, Туркия ва Қозоғистонда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши ва хомашё нархларининг эҳтимолий волатиллиги ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Оқибатларни юмшатиш ва барарорликни таъминлаш чора-тадбирлари

ХВЖнинг таъкидлашича, ҳукумат Украинадаги уруш оқибатларининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг заиф қатламини моддий қўллаб-қувватлаш, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда савдо каналлари ва молиявий оқимлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан қарорлар қабул қилди. Хўжалик юритувчи субъектлар халқаро транзакцияларни санкцияга учрамаган каналлар орқали амалга оширмоқдалар. Бироқ кенг кўламли логистика муаммолари етказиб бериш билан боғлиқ кечикишларга ва харажатларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келади.

Қайд этилишича, 2022 йилда мамлакатда иқтисодий тикланиш суръатининг пасайиши шароитида йиллик режалаштирилган фискал консолидация кўламини қисқартириш мумкин.

«Пандемия даврида бюджет дефицити ортиб, 2021 йилда ЯИМга нисбатан 6 фоизга етгани сабаб 2022 йил учун тасдиқланган бюджет дефицитини ЯИМга нисбатан 3 фоизгача камайтириш кўзда тутилган эди. Бироқ қарз даражаси нисбатан пастлигича қолаётгани сабаб фискал консолидация суръатларини секинлаштириш имконияти мавжуд. Олтин сотишдан олинадиган юқори даромадлар иқтисодий фаолликнинг пасайиши ортидан қисқарган даромадлар ўрнини қоплайди, бироқ нархлар ошиши фонида пул ўтказмалари камайишига дуч келган ижтимоий ҳимояга муҳтож уй хўжаликлари учун қўшимча манзилли қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Харажатлардаги устуворликлар ва инвестицион режаларни қайта кўриб чиқиш орқали дефицитни ЯИМга нисбатан 4 фоиз атрофида ушлаб туриш мумкин. Янада сезиларли даражадаги дефицит, асосан, кўп томонлама ва икки томонлама расмий ёрдамлар ва чекланган ички молиялаштириш, шунингдек, конюнктура яхшиланган тақдирда, капитал бозорларидан фойдаланиш ҳисобига молиялаштирилиши мумкин», — дея таъкидлаган ХВЖ.

Мутасадди органларга келгуси йилларда бюджет дефицитини ЯИМга нисбатан 3 фоиз даражасида чеклаш мажбурияти юклатилгани ҳисобга олинса, Ўзбекистон қарз инқирози хавфи паст бўлган ҳудудда қолмоқда. Халқаро захираларнинг юқори даражаси ва қарз мажбуриятларининг узоқ муддатлари қарз инқирози юзага келиши хавфини янада камайтиради.

Ташкилотнинг қайд этишича, монетар сиёсат олдида инфляцияга қарши кураш ва иқтисодий тикланишни давом эттириш ўртасида мувозанатни таъминлашдек мураккаб вазифа турибди.

«Амалдаги сиёсат нархга нисбатан босимни ушлаб туриш ва инфляцияни Марказий банкнинг ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичи даражасигача босқичма-босқич пасайтириш учун ўринлидек. Бироқ иқтисодий сиёсатнинг таъсири амалда молиявий воситачиликнинг паст даражаси, долларлаштиришнинг юқори даражаси, шунингдек, имтиёзли кредитлаш дастурлари билан чекланганлигича қолмоқда. Бундай вазиятда ,озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи нархлари босими асосий инфляция кўрсаткичига янада кенгроқ таъсир қилган тақдирда, инфляция тенденцияларининг олдини олиш учун монетар сиёсатни янада қатъийлаштириш талаб этилиши мумкин… Валюта курсининг мослашувчанлиги қисқа муддатли волатилликни юмшатиб, ташқи шокларни ўзлаштиришга ёрдам беради», — дейилади ХВЖ хулосасида.

Пандемия даврида банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) сезиларли даражада ўсиши кузатилди. Кредитлаш кўлами барқарор суръатларгача секинлашганига қарамай, пандемиянинг салбий оқибатлари ва ўтган даврда тақдим этилган кредитлар мажбуриятлари кенгайиши яна юзага чиқиши мумкин. Россия банкларига киритилган санкциялар режими фонида савдо ва пул ўтказмаларининг қисқариши Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин.

«Кредит портфеллари юқори концентрация ва валюта рискларини намоён этишда давом этмоқда, айни пайтда энг юқори рисклар асосан давлат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Марказий банк [тижорат] банкларнинг ликвидлик ҳолати ва капиталини, шу жумладан, янгиланган стресс-тестлар ёрдамида диққат билан мониторинг қилиб боришни давом эттириши, зарурат туғилганда яшовчан банкларнинг ликвидлилигини қўллаб-қувватлашга тайёр туриши лозим», — дея қайд этади ХВЖ.

Иқтисодий ўсиш ва барқарорликни оширишга қаратилган давлат сиёсати

ХВЖга кўра, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш давлат харажатлари ва даромадлар сафарбарлиги самарадорлигини оширишни талаб қилади. Мамлакатда давлат бошқарувини оптималлаштириш, давлат инвестицияларини бошқаришни янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим дастурларини талаб этиладиган кўникмаларга мувофиқлаштириш билан бирга, таълим соҳаларига сарф-харажатлар самарадорлигини ошириш зарурати кун тартибида қолмоқда. Пандемия даврида манзиллилик жиҳатидан сезиларли яхшиланган ижтимоий сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида пенсия тизими ва кексаликда камбағалликдан ҳимоя қилишнинг барқарор асосларини яратиш мақсадга мувофиқ.

Имтиёзларни бекор қилиш ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигининг яхшиланиши ҳисобига бюджетга тушумлар ошиши мумкин, бу эса 2023 йилда ҚҚС ставкасини режалаштирилган даражагача пасайтириш имконини беради.

Таъкидланишича, хусусий секторга таянган ҳолда ва кўп сонли иш ўринлари яратиш орқали фаол ўсиш учун шароит яратиш жадал ўсиб бораётган ишчи кучи ва қайтиши кутилаётган меҳнат мигрантлари оқимини меҳнат бозорида ўзлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга. Ўсишни молиялаштиришда давлат қарзлари ва давлат корхоналарини кредитлашдан хусусий инвестицияларга ўтиш лозим, янги иш ўринларини эса кичик ва ўрта хусусий корхоналар яратиши зарур.

Ҳукумат томонидан бозорларни очиш ва рақобатни кучайтириш юзасидан кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирларни эътироф этган ҳолда, ташкилот бозорларни очиш ва бизнес учун тенг шароитлар яратиш борасида олдиндаги вазифалар ҳали талайгина эканлигини эслатиб ўтади. Жумладан:

  • кўп сонли фармонлар чиқаришдан воз кечиб, бозорга йўналтирилган мустаҳкам қонунчилик базасини ишлаб чиқиш ва бизнес юритиш тартиб-таомилларини тартибга солиш;
  • коррупцияга қарши курашиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа усуллар орқали мулк ҳуқуқи ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш;
  • қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерларни сотишни тезлаштириш, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини яратиш (бу инвесторлар ҳимояси ҳамда фермерларга молиялаштиришни жалб этишда муҳим аҳамиятга эга);
  • ҳукумат органлари томонидан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокаралар ва EI GSP+ доирасида сертификатлаштириш жараёнларини тезлаштирилиши (бу ташқи савдо ҳажмини ошириш ва диверсификация қилишга ёрдам беради).

Шунингдек, ташкилот Ўзбекистонда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви даражасини камайтириш масаласига тўхталган.

«Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини сезиларли даражада камайтириш лозим. Ўтган йилда ҳукумат кўп сонли кичик давлат активлари ва битта ўрта ҳажмдаги давлат корхонасини сотиш орқали хусусийлаштиришга киришди. Бироқ ҳали ҳам ялпи ишлаб чиқаришнинг ярмидан кўпи давлат корхоналари ҳиссасига тўғри келади ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида устунлик қилмоқда», — дея қайд этган ХВЖ.

Энергетика секторидаги ислоҳотлар иқлим ўзгариши салбий оқибатларини юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.

«Электр энергияси тарифларини босқичма-босқич харажатларни қоплаш даражасига, сўнгра бозор даражасига олиб чиқиш, бунда қўшимча ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳимоясини таъминлаш, энергетика соҳасини тартибга солувчи мустақил органни ташкил этиш рақобатбардош энергия бозорини шакллантириш, энергия самарадорлиги ва ресурсларни тақсимлашни яхшилашнинг зарур шартидир», — дейилади ХВЖ хулосасида.

ХВЖга кўра, келгуси йилларда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва таркибий ўзгаришларни жадаллаштириш ўсиш суръатларини ўрта муддатли истиқболда йилига 5−6 фоизлик тенденцияга қайтаришда муҳим аҳамиятга эга. Бу Ўзбекистон 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига даромади даражаси 4000 доллардан юқори бўлган ўртадан юқори даромадга эга бўлган мамлакатлар қаторига кириши ва мамлакатда камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш мақсадига эришишига замин яратади.