13 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC)нинг йиллик йиғилиши доирасида Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссиянинг 2023−2026 йиллардаги аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Тадбир давомида Ўзбекистон акклимация (умуммаъқуллаш) йўли билан 2023−2026 йилларда мазкур комиссия аъзолигига сайланди.

Комиссия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ёрдамчи органи ҳисобланади.

Янги сайланган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон 2023 йил 1 январдан бошлаб Комиссия таркибига киради.

Ўзбекистоннинг комиссия аъзоси сифатида унинг фаолиятига фаол жалб этилиши фан, техника ва инновациялар соҳасидаги энг муҳим глобал тенденцияларни ишлаб чиқиш, режалаштириш ва прогнозлаш бўйича тўпланган тажриба ва илғор услублар билан янада яқинроқ танишиш имконини беради.

Маълумотда келтирилишича, тузилма 1992 йилда ушбу йўналишдаги сиёсатни такомиллаштириш мақсадида Бош Ассамблея ва ECOSOCга долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун ташкил этилган. Комиссия БМТнинг умумий тизими доирасида фан ва технологиялар бўйича тавсиялар ва кўрсатмалар ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

Комиссия таркибига ECOSOC аъзолари томонидан сайланадиган 43 мамлакат киради. Бош Ассамблеянинг савдо, молия, технологиялар, инвестициялар ва барқарор ривожланиш соҳасидаги асосий органи бўлган Савдо ва ривожланиш бўйича конференция (UNCTAD) Комиссиянинг котибияти ҳисобланади. Комиссия аъзолари ўз йиғилишларини Женевада ўтказади.