Ўзбекистон БМТ комиссияси аъзоси этиб сайланди

Ўзбекистон БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланди. Комиссия долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун ташкил этилган.

Президент Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантиришга кўрсатма берди

Президент Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Бунинг учун IT экспортини йил якунигача 100 млн долларга етказиш, яна 6 та ҳудудда IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 20 тадан компания фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. «Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Энди жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин

Президент тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин, илгари бундай тартиб мавжуд эмас эди. Тўловга қобилиятсизик ҳолати суд томонидан кўриб чиқилади ва суд қарорисиз ундирувни мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, «Банкротлик тўғрисида»ги қонун ҳам ўз кучини йўқотди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги мансабдорлари 156,4 млрд сўмлик ерни ноқонуний ажратиб бергани аниқланди

Қарши шаҳар ҳокимлиги, Кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси ва Қурилиш бўлимининг 7 нафар ходими қонунга зид равишда 318 та ҳолатда 105 гектар ерни аукционсиз бериб юборгани аниқланди. Ушбу ер майдонларининг бозордаги баҳоси 156,4 млрд сўмни ташкил қилади. Гумондорларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга юборилди.

Rost24 бош муҳаррири таҳдид ва босим туфайли мақолани ўчирганини маълум қилди

Rost24 нашри бош муҳаррири Анора Содикова таҳдид ва босимлар туфайли тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақолани олиб ташлашга мажбур бўлганини маълум қилди. Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас», дея таъкидлади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индекси эълон қилинди

2021 йил учун Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индекси юзасидан ўтказилган мониторинг якуни бўйича тузилган рейтинг эълон қилинди. Унда вазирлик, қўмита, агентлик ва марказлар, шунингдек, вилоят ҳокимликларининг натижалари қайд этилган.

1 июндан шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади

Ҳукумат қарори билан шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистонда туғилган барча шахсларга туғилганликни қайд этиш жараёнида, қолаверса, мамлакатда вақтинча бўлиб турган хориж фуқароларига ҳам ЖШШИР берилади. 1 июндан эса бу борада давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан телефон орқали мулоқот қилди

збекистон президенти телефон орқали мулоқотда Венгрия ҳукумати раҳбарини «ФИДЕС» — Христиан-демократик халқ партияси коалицияси ушбу мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонгани билан табриклади.

Адлия вазирлиги умумий овқатланиш соҳасидаги асосий муаммоларни санади

Адлия вазирлиги 2100 та умумий овқатланиш корхоналарини ўрганган ҳолда ушбу соҳада жуда кўп текширувлар ва мураккаб солиқ маъмуриятчилиги мавжудлигини аниқлади. Умумий овқатланиш корхоналарининг 60 фоизи солиқ тўлашдан бўйин товлайди, 30−40 фоизи эса «сояда» ишлайди, дея ҳисоблайди вазирлик.

Эрондаги масжид деворида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий ёзиб қолдирган битиклар топилди

Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Эроннинг Тойинобод шаҳрида қурдирган масжид деворида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий ёзиб қолдирган битиклар аниқланди. Айни пайтда битикларни илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.

Аҳоли қўлида қолган метро жетонлари қайта сотиб олинади

Тошкент метрополитени 15 апрелдан аҳоли қўлида қолган жетонларни амалдаги йўл ҳақи нархида сотиб олади. Жетонлар кассаларда эмас, балки Тошкент метрополитени ДУК биносида қабул қилинади.

Украинадан яна икки фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди

Украинадан Руминияга гуманитар йўлак орқали қочиб ўтган ўзбекистонлик опа-сингиллар ватанга олиб келинди. Уларга Туркиядаги ҳомийлар маблағлари ҳисобидан авиачипталар харид қилинган.

Ўзбекистонга йил бошидан бери 3 мингга яқин хорижий IT-мутахассис келган

Президент йил бошидан бери мамлакатга 3 мингга яқин хорижий IT-мутахассис келгани ва уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режалаштираётганини маълум қилди. Хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1000 нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини оширишга кўрсатма берилди.

«Ўзтрансгаз» қўшимча 257 млн доллар қарз олади

«Ўзтрансгаз» компанияси 257 млн доллар, шу жумладан «Газпромбанк» дан 57,5 млн доллар миқдорида қўшимча қарз маблағларини жалб қилади. Компанияга табиий газ бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш, давлат корхонасининг молиявий ҳисоботини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш юзасидан топшириқлар берилди.

Каттақўрғонда электрдан 57 млн сўм қарзи бор тадбиркор электр таъминоти корхонаси раҳбарини пичоқлади

Самарқанд вилоятида электр таъминоти корхонаси раҳбари электрдан 57 млн сўм қарзи бор МЧЖ эгаси томонидан пичоқланди. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, аҳволи қониқарли, гумондор эса қамоққа олинган.

Юридик университетнинг масъул раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди

Тошкент давлат юридик университети ректори олийгоҳ биносида ноқонуний қурилиш қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. У кўп асрлик маданий мерос объекти бўлган университет биносига рухсатсиз ўзгартириш киритган.

Тошкент ҳокими 10 кун ичида асосий йўллардаги чуқурларни бартараф этишга кўрсатма берди

Тошкент ҳокими 10 кун ичида асосий йўллардаги чуқурларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқ берди. Бунда «шаҳардаги мавжуд барча техникаларни» жалб қилиш ва зарур ҳолларда кечалари ҳам ишлаш режалаштирилмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳолидан таъмирталаб кўчалар суратларини «Халқ назорати» порталига юборишни сўради.

Heritage Foundation`нинг айрим индексларида Ўзбекистон KPI`га эриша олмади — Танзила Нарбаева

Сенат раиси Танзила Нарбаева Heritage Foundation`нинг «Эркин савдо» кўрсаткичида Ўзбекистоннинг ўрни рекорд даражада яхшиланганини маълум қилди. Бироқ, «Иқтисодий эркинлик» индексида Ўзбекистон 117-ўринни эгаллаб, «асосан эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди. Қолаверса, «Суд фаолияти самарадорлиги», «Солиқ юки», «Фискал саломатлик», «Бизнес юритиш», «Меҳнат бозори эркинлиги» индексида ҳам KPI`га эришилмагани танқид қилинди.

Ўзбекистонда аёллар 27% раҳбарлик лавозимларини эгалламоқда — парламентарий

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлар орасида эса 25 фоизга етди. Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларнинг ролига бағишланган форумда аёлларнинг сиёсатдаги иштироки муҳокама қилинди.