Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳукуматда бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков раҳбарлик қилаётган тизимга ўтказилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 11 апрелдаги [170-сон] қарорида қайд этилган. Бунга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги тўғридан-тўғри бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилган комплексга қарашли эди.

Мазкур ўзгартиришга 11 март куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 23-сон баёни асос қилиб келтирилган.

Тегишли равишда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибиятига IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментидан Инновацион фаолиятни ривожлантириш ва илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш масалалари бўйича бош мутахассис штат бирлиги ҳам ўтказилди.

Сардор Умурзаковга юклатилган вазифалар

  • Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири;
  • Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш раиси;
  • Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия раиси;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Ўзбекистон томонидан бошқарувчиси;
  • Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Гуруҳи Бошқарувчилари Кенгаши — Банк олий бошқарув органи раиси, Ўзбекистон томонидан бошқарувчи;
  • Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон томонидан бошқарувчиси;
  • Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Ўзбекистон томонидан бошқарувчиси;
  • Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси;
  • «O'zagroeksportbank» ATB кенгаши раиси;
  • «O'zbekinvest» NKEIS директорлар кенгаши раиси;
  • «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бошқарув кенгаши раиси.

Бундан ташқари, президентнинг 6 апрелдаги фармони билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига (ИТСВ) 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилди.

2021 йилда Сардор Умурзаковнинг лавозим ва ваколатлари кўплиги тўғрисида тарқалган хабарларга ИТСВ матбуот хизмати муносабат билдирганди. Унда қайд этилишича, у 2020 йилнинг 10 мартидан бошлаб президент фармонига мувофиқ тайинланган ва иш ҳақи тўланадиган ягона эгаллаб турган лавозим — бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозими ҳисобланади.

Бошқа барча тилга олинган лавозимлар алоҳида лавозимлар ҳисобланмайди ҳамда бажариладиган вазифалар доирасида қўшимча мажбурият ва функцияларни назарда тутади.

Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши, ЖСТга аъзо бўлиш бўйича идоралараро комиссия ва Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси каби коллегиал органларга раҳбарлик қилиш Вазирлик ваколатига кирадиган, бироқ бошқа вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг иштирокини талаб қиладиган масалаларни ҳал қилишга имкон беради.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари ва давлат компанияларининг Кузатув Кенгашлари кундалик операцион фаолиятни бошқариш ёки унга раҳбарлик қилиш билан шуғулланмайдиган ва одатда акциядорларнинг вакилларидан иборат коллегиал органлардир. Шунинг учун, Сардор Умурзаковнинг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси, АТБ «Ўзагроэкспортбанк», «Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ ва бошқа шу каби ташкилотлар Кузатув кенгашларининг раиси даражасидаги иштироки ушбу идораларнинг энг йирик акциядори бўлган Ҳукумат вакили сифатида йилда бир неча марта ўтказиладиган учрашувлар давомида фаолиятининг натижалари ва стратегик йўналишларини муҳокама қилиш билан чегараланади.

Таъкидланишича, Ўзбекистон бошқа давлатлар қаторида Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби қатор халқаро молия институтларининг (ХМИ) асосчиси ҳисобланади. Ўзбекистоннинг барча ХМИ билан муносабатларининг кенг кўламини мувофиқлаштириш ИТСВ жавобгарлик соҳаларига киради. Шу сабабли бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков ИТСВ раҳбари сифатида юқорида қайд этилган ХМИларнинг Ўзбекистон томонидан бошқарувчисидир.

«Кўплаб мамлакатларда шаклланган амалиётга кўра, юклатилган вазифаларни энг самарали тарзда бажариш ҳамда у ёки бу масалаларни ҳал этиш доирасида турли идораларнинг самарали мувофиқлаштирувини таъминлаш мақсадида Ҳукумат аъзолари турли коллегиал органлар ва комиссиялар таркибига киради», — дейилади хабарда.