Ҳукумат янги йўл ҳаракати қоидаларини нега жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлади?

Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлади. Бунга президентнинг 17 мартдаги фармони билан муҳокамага қўйиладиган ҳужжатлар таснифига киритилган ўзгартириш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Унга кўра, энди фақатгина муҳим ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Олдинги тартибга кўра, барча ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйилиши шарт эди.

«Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур». АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позицияси ҳақида

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позициясини тушунишини маълум қилди. «Россия билан ҳам, Украина билан ҳам чуқур тарихий ва муҳим ришталарга эга. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур… Ўзбекистон биронтасининг ёнини олмаяпти», — деди у.

«Сижжак» дам олиш маскани яна сотувга қўйилди

Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманидаги «Сижжак» дам олиш маскани яна сотувга қўйилди. Харидор оромгоҳда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириши керак.

Янги йўл ҳаракати қоидаларида йўлларга рухсатсиз сунъий тўсиқлар ўрнатиш тақиқланди

Ўзбекистоннинг янги Йўл ҳаракати қоидаларида йўлларга рухсатсиз сунъий тўсиқлар ўрнатиш тақиқланди. Одатда уларни фуқаролар ва компанияларнинг ўзлари ўрнатарди. Чунки масъул органлар пиёдаларни ҳимоя қилиш учун буни бажаришмайди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни алмаштириш муддати 1 йилга узайтирилди

Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни алмаштириш муддати 1 йилга узайтирилди. Унинг муддати ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рўйхатга олиш гувоҳномаси берилган йилга боғлиқ. Агар улар 2010 йилгача берилган бўлса, 2023 йил 31 мартгача алмаштирилиши керак.

Ўзбекистон Яманда сулҳ ва ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганини олқишлайди — ТИВ

Ўзбекистон Яманда икки ойлик сулҳ ва ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганини олқишлайди. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли баёнот билан чиқди.

Самарқандда фуқаро давлат захирасидаги 80 сотих ерни $22 мингга сотишга урингани айтилмоқда

Жомбой туманида фуқаро давлат захирасидаги 80 сотих ерни танишлари орқали бошқа фуқарога расмийлаштириб беришига ишонтиргани ва бунинг эвазига 22 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда. У олдиндан 11 минг долларни олганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланди.

1 млн сўм эвазига гашиш моддасини элтиб бермоқчи бўлган икки фуқаро қўлга олинди

ДХХ ўтказган тезкор тадбирда самарқандлик икки фуқаро ёнида 1 кгдан ортиқ гашиш моддаси билан ушланди. Уларга наркокурьерлик учун 1 млн сўмдан берилиши айтилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам гиёҳванд моддалар савдоси билан алоқадор бир нечта гумонланувчилар қўлга олинди.

Ҳайдовчилар ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан жойида танишиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди

Ҳукумат қарори билан эндиликда ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида таниша олмайди. Бунинг ўрнига ҳайдовчи саф бўлимидан ёзма маълумот талаб қилиши мумкин. Шунингдек, body camera’си бор ЙПХ ходими ҳайдовчининг мастлик ҳолатини алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида ўзи аниқлаши ва баённома расмийлаштириши мумкин.

Олд ўриндиқдаги йўловчилар хавфсизлик камарини тақишлари шарт бўлади

1 майдан бошлаб автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт бўлади. Орқа ўриндиқларда хавфсизлик камарини тақиш ва махсус болалар ўриндиғидан фойдаланиш тавсия сифатида қолмоқда.

Инновация вазирлиги ҳукуматда Сардор Умурзаков тизимига бириктирилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳукуматда бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков раҳбарлик қилаётган тизимга ўтказилди. Бунга қадар вазирлик бош вазир Абдулла Арипов тўғридан-тўғри раҳбарлик қилган комплексда эди.

Алексей Хен Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари бўлди

Алексей Хен Тошкент ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У ўзи ишлаб келаётган Рақамли ривожланиш департаментига раҳбар бўлди.

Финляндиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги департаменти бош директори маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Илкка Ряйсянен мазкур давлатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди.

120 турдаги дори маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йилга кафолатли харид қилинади

1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситасини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йилга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузилади. Бунинг учун шу йилнинг ўзида 300 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, доривор ўсимликларни етиштирувчиларга бир қатор имтиёзлар тақдим этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Адлия вазирлиги тиббиёт ва таълим соҳалари ходимлари номидан судларга қарийб 7,2 млрд сўмлик даъво киритди

15 мартдан бери Адлия вазирлиги тиббиёт ва таълим соҳалари ходимлари манфаати йўлида судларга салкам 7,2 млрд сўмлик даъво киритди. Натижада 5,2 млрд сўмлик иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар ундирилди, қолаверса, 398 та шахс интизомий, 33 та шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Мурожаатларнинг энг кўпи Андижон, Қашқадарё ва Навоий ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, ССВ, Олий таълим, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари тизимида ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Кирилл Альтман: Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?

Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Кирилл Альтман «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида нега Ўзбекистонда маҳаллий клубларга мухлислик қилинмаслиги ва футболда оддий ҳисобдан кўра нима жозибалироқ эканлиги ҳақида гапирди.

Ўзбекистонда оқ қоғоз нархи кескин қимматлашди. Сабаб — Россияда нархларнинг ошиши

Ўзбекистонда оқ қоғоз нархи ўртача 2 баробарга ошди. Бу Россия заводларидаги оқартиргич импорти билан боғлиқ чекловлар туфайли қоғоз нархининг ошиши фонида содир бўлмоқда. Ўзбекистонда қоғоз ва картон импортининг деярли ярми Россия корхоналарига тўғри келади.

Даун синдроми бўлган болалар ўқий олади ва меҳнат қилиш ҳуқуқига ҳам эга!

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори Алишер Инаков матбуот анжуманида Даун синдроми бўлган болалар «ўқий олмаслигини» айтди. Бундай сўзлар ота-оналар ва жамоатчилик фаоллари норозилига сабаб бўлиб, агентликни улар билан учрашув ташкил қилишига ундади. «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов мазкур вазият юзасидан болаларнинг ўқишга ҳуқуқи ва амалдорлар сўзининг кучи юзасидан шахсий фикрини билдирди.