Президент 11 апрель куни «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Ушбу қарор Шавкат Мирзиёевнинг 1 апрелдаги йиғилишда берган топшириқлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, спорт мусобақалари орқали жорий йил якунига қадар 6 млн нафар ёшларни қамраб олиш режалаштирилган.

2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь — Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрь ойида ўтказиладиган «Ёшлар форуми» доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилади.

  • Биринчи босқичда — кўчалараро маҳалла мусобақалари;
  • Иккинчи босқичда — маҳаллалараро сектор мусобақалари;
  • Учинчи босқичда — сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари;
  • Тўртинчи босқичда — туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари;
  • Бешинчи босқичда — вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақалари.

Бунда, мазкур оммавий спорт мусобақалари маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари бўйича ташкил этилаётган беш босқичли «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилинади:

  • биринчи босқичда — туман (шаҳар) мусобақалари;
  • иккинчи босқичда — вилоят мусобақалари;
  • учинчи босқичда — республика (финал) мусобақалари.

Спортни ривожлантириш вазирлиги олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш дастурининг ишлаб чиқилиши, спорт мусобақалари ўтказиладиган спорт объектлари инфратузилмасининг яхшиланиши ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозланиши, спорт мусобақаларининг юқори даражада ташкил этилиши ҳамда ғолиб ва совриндорларнинг муносиб рағбатлантирилишини таъминлайди.

Маҳалла босқичидан вилоят босқичига қадар ўтказилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни 1, 2 ва 3-даражали диплом, медаль, кубок, эсдалик совғалари билан тақдирланади. Ҳудудларда ташкил этиладиган бошқа спорт мусобақалари туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ғолиблари учун ҳоким соврини таъсис этилади.

«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш:

  • маҳалла босқичида — Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги;
  • сектор босқичида — сектор раҳбарлари;
  • туман (шаҳар) босқичида — туман (шаҳар) ҳокимлари;
  • вилоят босқичида — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;
  • республика (финал) босқичида — Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилади.

Бунда, мусобақаларнинг ҳар бир босқичида ғолиб бўлган ёшлар ушбу кичик бандга масъул давлат органлари ва ташкилотлари томонидан рағбатлантирилади;

Олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш:

  • туман босқичида — туман (шаҳар) ҳокимлари, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари;
  • вилоят босқичида — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари;
  • республика (финал) босқичида — Спортни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилади.

Бунда, мусобақаларнинг ҳар бир босқичида ғолиб бўлган ёшлар ушбу кичик бандга масъул давлат органлари ва ташкилотлари томонидан рағбатлантирилади.

«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш ва ўтказиш учун Спортни ривожлантириш вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ажратилади.

Халқ таълими вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг қизиқишлари, талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳамда таниқли ва фахрий спортчилар томонидан камида 1 та спорт тури бўйича тўгараклар фаолиятини ташкил этади.

2022 йил 1 майга қадар талабалар спортини янада ривожлантириш учун ОТМларда ташкил этилган спорт клублари ўртасида мусобақаларни ўтказилади.

Икки ой муддатда ОТмларда спорт турларига ихтисослаштириш рўйхатини талабаларнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.