2022 йилнинг январь-март ойларида 2014 кг гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 3583 кг ички органлар истеъмолга яроқсиз деб топилган ва йўқ қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ташхис ишлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўлими бошлиғи Ўткир Отабоев ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чораги давомида республика деҳқон бозорларига келтирилган 2 минг тоннадан ортиқ қорамол, 9 минг тоннадан ортиқ майда шохли мол ва 3 минг тоннадан ортиқ бошқа ҳайвонлар, жумладан, от, парранда гўштлари ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилган.

Ўткир Отабоевнинг сўзларига кўра, пойтахтга гўшт маҳсулотлари асосан вилоятлардан кириб келади. Вилоятларда ҳайвонларни сўйиш учун махсус кушхоналар ташкил этилган. У ерда моллар сўйилиб, бирламчи ветеринария врачи кўригидан ўтказилади. Шунингдек, қонунда белгиланган ҳужжатлар тўлдирилиб, шу асосида муҳрланади ва пойтахтга юборилади.

«Айланма йўллар билан ҳам гўшт маҳсулотларини олиб кириш ҳолатлари учрайди. Бу гўшт маҳсулотлари асосан умумий овқатланиш масканларига, ноқонуний ишлайдиган овқатланиш шохобчалари ва ошхоналарига тарқатилади. Бунақанги гўштлар бозорларга сотиш учун киритилмайди», — деди у.

Ветеренария бошқармаси вакили ижтимоий тармоқларда тарқалган эшак сўйиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтиб, эшакни бирор кушхонага олиб бориб сўйиш, муҳрлатиш каби ҳолатлар юз бермаганини таъкидлади.

Унинг маълум қилишича, эшаклар асосан уй шароитида ёки чекка ҳудуддаларда яширинча йўллар билан сўйилиб, пойтахтга олиб келиш ҳолатлари аниқланмоқда. «Эшак гўшти билан бошқа ҳалол ҳисобланган гўштларнинг фарқини мутахассислар кўриб аниқлай олади. Оддий аҳоли буни ажрата олмайди», — деди у.

Мутахассис эшак гўштини суяклари, олд оёқ туёқларидан билиб олиш мумкинлигини айтиб ўтди.