1 августга қадар халқаро молия институтлари билан биргаликда жамоат транспорти фаолиятига хусусий секторни, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бу президентнинг 8 апрелдаги хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисидаги фармонида қайд этилган.

Топшириқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасига берилди. Таклифлар президент томонидан февралда тасдиқланган Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида ишлаб чиқилиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасига 1 декабрга қадар Тошкент шаҳри мисолида Нукус шаҳри ва барча вилоятлар марказларида жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб, жорий этишни бошлаш вазифаси юклатилди.

Йил бошида Тошкент Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жураев янги молиялаштириш тизими (pool system) доирасида хусусий секторни пойтахтда жамоат транспортига жалб қилиш режалари ҳақида маълум қилганди. Унда йўналишлар бўйича бажарилган ишларнинг ҳақиқий миқдори (босиб ўтилган масофа ва ташилган йўловчилар сони) ҳамда сифат кўрсаткичлари ҳисобга олинади.

Тизимнинг манбаи йўловчиларни ташишдан олинадиган даромад, маҳаллий бюджет параметрларида йўловчиларни чегара тарифлари бўйича ташишдан уларнинг зарарларини қоплаш учун назарда тутилган маблағлар, шунингдек, бепул ҳаракатланиш қилиш ҳуқуқига эга йўловчиларни ташиш учун ажратилган маблағлар бўлади. Бунинг натижасида жамоат транспортида хусусий мулкдорларнинг улуши 2025 йилга бориб 30 фоизга ўсиши керак, дея таъкидлади у.

Юқорида қайд этилган концепцияга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб пойтахтда янги молиялаштириш тизимини босқичма-босқич амалга оширишни бошлаш режалаштирилган.

Январь ойида президент Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимиятига жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини икки баробарга ошириш бўйича кўрсатма берди. 2025 йилга қадар пойтахт учун 1063 та автобус ва электробус харид қилиш режалаштирилмоқда.

«Ривожланган давлатларда 50% аҳоли жамоат транспортидан фойдаланади, бизда эса — 21%. Тошкент аҳолиси норози», — дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, у Тошкент жамоат транспорти 2021 йилни 150 миллиард сўмлик зарар билан якунлаганини айтганди. Қолаверса, давлат раҳбари ҳеч қайси ривожланган мамлакат жамоат транспортида бошқа хизматлар ривожланиши, шу жумладан давлат-хусусий шериклик, масофаларнинг қисқариши эвазига зарар билан ишламаслигини қайд этганди.

Ривожланган транспорт тизимига эга бўлган кўплаб шаҳарларда, шу жумладан Берлин, Париж, Варшава ва Мадридда жамоат транспорти бюджетдан субсидияланади.