Саудия Арабистони хорижлик зиёратчиларга Ҳаж зиёратини адо этишга рухсат берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Саудия матбуот агентлигининг мамлакат Ҳаж ва умра вазирлиги маълумотига таяниб хабар қилишича, 1443 (ҳижрий) / 2022 йилги ҳаж мавсумини амалга оширувчилар сонини Подшоҳлик ва хорижий мамлакатларга ажратилган квотани назарда тутган ҳолда 1 миллион зиёратчи этиб белгилашга қарор қилинган.

Бунда саломатликни ҳимоя қилишга қўйилган талабларга қатъий риоя қилинади.

Бу йил коронавирусга қарши эмланган 65 ёшгача бўлган кишиларга ҳаж зиёратига боришга рухсат берилади. Хорижлик зиёратчилар Подшоҳликка келишдан камида 72 соат олдин олинган COVID-19 тестининг манфий натижасини тақдим этиши керак.

«Ҳаж ва умра вазирлиги зиёратчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалларни бажариш жараёнида эҳтиёт чораларини кўриш ва профилактика кўрсатмаларини қатъий бажариш зарурлигини таъкидлаган», — деб ёзади агентлик.

Эслатиб ўтамиз, Подшоҳлик ўтган йил Ҳаж зиёратида қатнашувчилар сонини 60 минг, 2020 йилда эса 1 минг нафарга чеклаганди.