Фото:Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Дмитрий Поваров: Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?
Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Дмитрий Поваров «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида ушбу спорт турига қандай меҳр қўйгани, нега Марказий Осиёда Европа футболи ишқибозлари кўплиги ва футбол дунёни қандай бирлаштиргани ҳақида гапириб берди.
Совет даврида туғилган одам учун футбол болаликданоқ қизиқарли воқелик бўлиб келган. Мактабнинг биринчи йиллариданоқ футбол ёки хоккей ҳақида ҳис-туйғуларга берилиб муҳокамалар қилардик. Ўзбекистонда футбол мухлислари кўпроқ эди.

Бу муҳаббатга ҳар ким турлича йўллар билан келади. Мен учун бу 1982 йилда, 12 ёшдалигимда содир бўлган. Илк маротаба Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини томоша қилганман. Франция ва Германия ўртасидаги ярим финал ўйини кечагидек эсимда. Немислар 1:3 ҳисобида ютқазаётганди ва ҳамма Франция кейинги босқичга чиқади деб ўйларди. Аммо Германия ҳисобни тенглаштириб, 3:3 га етказди. Бир пайт ФРГ дарвозабони Тони Шумахер оёқлари билан Патрик Баттистоннинг «ҳаётига нуқта қўйиши»га сал қолди (Патрик Баттистон Шумахерга урилиб, ҳушини йўқотади). Унинг ҳаёти хавф остида эди. Ўшанда Шумахер сариқ карточка ҳам олмаганди, ҳозир эса ўйиндан четлатиларди.
Ҳар ҳафта чиқадиган «Футбол-Хоккей» газетаси киоскларда қолмасди. 1986 йилги Жаҳон чемпионати учун мен уни кутубхонадан ўғирлаганман
Бу шундай ҳиссиётларга бой ўйин эдики, мени ўзига оҳанграбодек тортарди. Болаликда сизга нима керак? Албатта, бадиий адабиёт ва фильмларга тенг келадиган гўзал, жуда ёрқин ва мароқли ҳикоя бўлиши керак. Ўшанда баъзи ўйинлар зерикарли, 0:0, гоҳида чидаб бўлмас ва томоша қиладиган нарсаси йўқ ўйинлар ҳам бўлишини ҳали билмас эдим, лекин бу мен учун бошланғич нуқта эди. Шу тариқа футбол мухлисига айландим.
реклама
реклама
Болалигим Самарқандда ўтган. Ўшанда футбол ҳақида маълумотлар жуда кам эди. «Футбол-Хоккей» ҳафталик газетаси чиқар эди, унинг нархи 15 тийин, лекин уни киосклардан сотиб олиш деярли имконсиз эди. Киоск ходими газетани ашаддий мухлислар учун сақлаб қўярди, менга ўхшаган бир ғўр бола келиб сўраса, «Йўқ» деган жавобни оларди. Шу даражага борди-ки, 1986 йилги Жаҳон чемпионати учун кутубхонадан ушбу газетани ўғирлаганман.

Футболга статистик маълумотлар орқали қизиқиб қолдим ва бу мени ўзига ром этди. Ўз жамоамни, хаёлий мамлакат чемпионатини тузардим. Бу мени «ким гол урди», «қайси дақиқада», «қачон» каби масалаларда билимдонга айлантирди. Келажакда бу менга футбол викториналарининг ишқибози сифатида қўл келди. Аммо ўшанда бу турли хил маркалар ва ёрлиқларни йиғиш ўрнига эди.
Совет боласи 1987 йилда «Челси» ҳақида нимани билиши мумкин эди?
Ўша пайтларда футбол бўйича бир йиллик маълумотномалар ҳам йил якунлари бўйича нашр қилинарди. Уларни ҳам топиш амри маҳол эди. Ота-онам билан Иттифоқ мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилганимизда, доимо шундай маълумотномаларни сотиб олардим. Бу мен учун топилма эди. Кўпроқ ғарб футболи ҳақида ўқирдим.
Совет даврида туғилган, ҳозир 50 ёшдан ошган одамлар болалигидан қайсидир ғарб клубига мухлис бўлганини айтса, буни тасаввур қила олмайман. 90-йилларнинг ўрталаригача ғарб клубининг ўйинини ўз кўзи билан ёки ҳеч бўлмаганда телевизорда кўриш мумкин эдими?

Мен ўзим «Челси» ўйинининг трансляциясини биринчи марта қандайдир қисқа туташув туфайли кўриб қолганман. Филология факультетининг биринчи курсида ўқирдим. Самарқандда яшардим, гўёки табиат ҳодисаси менга қандайдир совға юборгандек бўлди. Телевизорда қисқа туташув юз берди ва бирдан Эрон ёки Афғонистон кабель каналида кетаётган Англия Премер-лигаси трансляцияси ёқилиб қолди. Ҳайратланиб, экранга михландим. Трансляция бир-икки соат давом этди. Сўнгра ғойиб бўлди. Эртаси куни, балки яна кўрсатишар, деган умидда телевизорни ёқиб қўйдим, лекин кутганим амалга ошмади. Шу билан трансляция қайтмади.
«Сен худди "Тоттенхэм" кабисан, юқори чўққиларни ҳам забт этмадинг, пастга ҳам тушиб кетмадинг, — аросатда қолиб кетгансан»
1982 йилги жаҳон чемпионатида Шимолий Ирландия терма жамоаси жуда яхши ўйнади. Уларнинг таркибида дарвозабон Пат Женнингс бор эди. У ирландлар учун жуда рамзий ўйинчи ҳисобланарди. У ўшанда «Тоттенхэм» клуби дарвозасини қўриқларди. «Тоттенхэм» сўзида қандайдир жозиба, ғайриоддий нарсани кўрдим.

Кейинроқ спорт журналисти Френк Тэйлорнинг «Профессионаллар» китобида «Тоттенхэм» ҳақида ўқидим. Унда профессионаллик нуқтаи назаридан футболда пул ишлаш ёмон экани ҳақида гапириларди. Ўшанда барча бир миллион фунтга сотиб олинган футболчининг трансферини муҳокама қилишарди ва бу қандайдир космик даражадаги нарх эканлиги айтиларди. «Эй худо, буёғи қанақа бўлади?», — деб савол берарди ушбу китоб муаллифи.

«Тоттенхэм»ни кузатишни бошладим. Бу клуб «Брюггеда яшириниш» фильмида ҳам истеҳзоли тарзда ёритилган эди: «Сен худди "Тоттенхэм" кабисан, юқори чўққиларни ҳам забт этмадинг, пастга ҳам тушиб кетмадинг, — аросатда қолиб кетгансан». Мана шу доимий аросатдаги ҳолат мени ўзига тортган бўлса керак.
Испанияда «Реал Мадрид»ни, Германияда Дортмунднинг «Боруссия»сини қўллаб-қувватлайман. Франция чемпионатини эса томоша қилмайман. Ёшлигимда Италия чемпионати жуда ёпиқ эди: катеначчо ва шунга ўхшаш нарсалар.

Германиянинг «Хоффенхайм» клуби ҳақида қайғурган пайтларим ҳам бўлди, чунки клубнинг пастдан юқорига ёки аксинча тепадан пастга шўнғиши ҳар доим ҳаяжонли ва қизиқарли ҳодисадир. Балки мен футболни спорт руҳида томоша қилмасман ва шу жиҳатим билан бошқалардан ажралиб турарман. Бу ҳаётнинг қандайдир ички ҳиссиётлари орқали содир бўлади, ҳар ҳолда футбол ҳам ҳаётнинг бир қисми-ку.

Тошкент, Олмаота ёки Душанбедаги одамлар ғарб клубларини чиройли ўйин сабабли қўллаб-қувватлайдилар. Биз ғарб фильмларини, адабиётини яхши кўрамиз, гарчи бу бизнинг менталитетимизга мос бўлмаса ҳам. Албатта, биз билан содир бўлиши мумкин бўлган сюжетлар ва ҳикоялар ҳам мавжуд. Лекин барибир у бироз бошқача тилда ёзилади. Биз ҳаммамиз бир дунё одамларимиз, футболда бўлгани каби.
Менинг профессионал ва шахсий ҳаётим футбол билан уйғунлашганидан бахтиёрман. Иккита жаҳон чемпионати, битта Европа чемпионатида қатнашишга муваффақ бўлдим.

ЖЧ-2018 да аслида ҳеч нарсани ҳал қилмаган Коста-Рика ва Бразилия ўртасидаги учрашувда бразилиялик мухлислар секторида бўлдим. Мен ўйиндан завқ олаётган мухлислар оломонида эдим. Бу кайфият метродаги эскалаторлар ва вагонлардан бошланиб, стадионга киришгача давом этган эди. Гол урилиши биланоқ бошимга пиво челаги тушиб кетди. Бразилиялик мухлислар орасида бўлганда ўзингни «Маракана»да (Бразилиядаги стадион) ўтиргандек ҳис қиласан.

Россиядаги 2018 йилги Жаҳон чемпионати
Фото: Дмитрий Поваров
Умуман олганда, жонли ўйинлар жуда ҳаяжонли ва одамга кўп эҳтирослар бағишлайди. Масалан, 2006 йил Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида совуққон деб ҳисобланган немислар Мюнхен метросини ларзага солишганди. Бутун фан-зона пластик стаканлар билан тўлиб кетган эди. Шу билан бирга, қандайдир оммавий жанжаллар бўлмаган. Тартиб бор эди.

2018 йилда Россияда, полиция назоратини ҳисобга олган ҳолда, эҳтиросларнинг алангаланиши қийин эди. Россиядаги жаҳон чемпионати ҳақида нима дейишмасин, у жуда яхши ташкил этилганлигини айта оламан. Ўшанда Россия ҳақиқатдан ҳам жуда катта меҳмондўст мамлакатга айланган эди.

Футболга қандайдир драма сифатида қарамаслик керак. Бу оддий ўйин ва 90 дақиқадан кейин ҳаммаси тугайди. Биз эса баъзан баҳслашишда давом этамиз. Аммо бир-бирининг оёқ ва қўлларини синдиришга тайёр бўлган одамлар ҳуштак чалингандан кейин ҳамма нарсани унутишади, тўғри камдан-кам вазиятларда жиддий ҳолатлар ҳам содир бўлади. Бу 90+ дақиқалар ҳиссиётларни чиқариш учун бир вақт.
Учрашувнинг натижаси ўзингни қандай тутишинг, қайси оёқ билан турганинг, шарф, футболка ёки футболкани қандай кийганингга боғлиқдек туюлади
реклама
реклама
Ҳар қандай мухлиснинг ўз клуби билан алоҳида муносабати бўлади. Масалан, Почеттино бош мураббийликдан кетганидан сўнг «Тоттенхэм» ёки элитага сакраши ёки пастга тушиши керак эди. Сўнг клуб ютқазишни бошлади. Аввалига ўйинларни томоша қилмасам, «Тоттенхэм» яхши ўйнайди, деб ўйладим. Мен ўйинларни томоша қилишни тўхтатдим ва улар ҳақиқатдан ҳам яхши ўйнай бошлади. Лекин бу шунчаки кучсиз жамоаларга қарши ўйинлар эди. Кейин эса «Ливерпуль»га қарши ўйинни томоша қилдим, «Тоттенхем» мағлуб бўлди. Ўшанда ўзимга ўйинни томоша қилганим учун мағлуб бўлдик, деб айтдим. Кейин ўйинни интернетда кузатиб боришга қарор қилдим, аммо бу ҳам ёрдам бермади, натижалар турлича эди.

Менимча, мана шу мухлисларнинг муносабати бўлса керак. Ўйинга муккасидан кетасан ва ҳар хил таскинларни ўйлаб топасан, сенинг ҳатти-ҳаракатларинг ўйин натижасига таъсир қиладигандек, бу клуб ўйинининг бир қисмидек туюлади. Ўзингни клубдан ажралмасдек ҳис қиласан, гўё бу ғайритабиий метафизика билан боғлиқ, бу қарамликка ўхшайди. Бундай мухлислар ўйин воқеалари ўзлари атрофида содир бўлишига ишонади.
Мессининг образи худди футбол Масиҳидек
Спортда омад ва белгиларнинг ўз ўрни бор. Масалан, Денис Казанский Россия терма жамоасининг Хорватияга қарши ўйинини шарҳлади. Ҳамма Казанский омадсиз, шунинг учун ҳам Россия ютқазди, деб ёзди. Бундай лотереялик фараз ҳар қайси ўйинда мавжуд.

Менга ҳаётида қандайдир бурилиш нуқталари бўлган футболчилар ёқади. Месси ва Роналду ўртасидаги дилеммада мен Роналдуни танлайман. У яхшироқ ўйнагани учун эмас. Месси ҳар доим ижобий кайфиятда, у худдики футбол Масиҳи образида. Роналду эса доим қандайдир алламбало воқеаларга аралашиб юради, ажабтовур ибораларни айтади, лекин шунга қарамай у тирикроқ кўринади. Унинг жавобларини телефондаги Алиса жавоблари билан солиштириш мумкин. У баъзида бемаъни гапларни айтади, фақатгина тирик инсонгина гоҳида сафсата гапларни айтиши мумкин.

Мен Диего Марадонани стереотиплар ва қолипларни бузган одам сифатида ажратиб кўрсатишим мумкин. У ҳеч қачон матбуотни ҳам, ўзини ҳам, ҳеч кимни зериктириб қўймасди. Ҳа, буларнинг барчаси кокаин йўлаклари ва Беларусдаги клуб билан боғлиқ сўнгги воқеалар билан аралашиб кетади. Аммо арман радиосида айтилганидек, биз уни бунинг учун эмас, балки қолипларни бузганлиги, оддийликдан устун бўлганлиги учун яхши кўрамиз. Мени Мессидек илоҳий ўйинчилардан кўра, тақдири чигал футболчилар кўпроқ ҳайратда қолдиради.
Диего рукотворный
Дмитрий Поваров колонкаси
Футбол дунёнинг глобал эканлигини кўрсатиб беради. Мюнхендаги метрода кетаётганимда қайси бекатда тушишим кераклиги ёдимдан чиқиб қолганини эслайман. Унчалик яхши бўлмаган чет тилим билан одамлардан сўрадим. Ва бирдан русча акцентли овоз йўлни тушунтириб, мени қаердан эканлигимни сўрай бошлади. Тошкентдан эканлигимни билгач, Тошкентда кўргазма ташкил этувчи компания эгасининг исм-фамилиясини айтди.

Мюнхенда лондонлик ва тошкентлик бир вагонда учрашиб, уларнинг Ўзбекистонда ишловчи умумий танишлари борлиги маълум бўлса, бу футбол аслида бутун борлиқ миқёсидаги байрам эканидан далолат беради. Футбол туфайли Владимир Маслаченко билан танишганман ва у билан гаплашганман. Ёки Мюнхенда Василий Уткин билан кўришиб қолиб, у билан бирга барга борганман. Метро вагонининг модели — бу глобаллашув концентрацияси, у биз интилаётган очиқ дунёни ифодалайди.

Албатта, Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўришни истардим. Бу бутунлай самимий истагим. Жаҳон чемпионатига чиқсак, у ерга бориш учун имтиёзларимиз бўларди – мухлислар жамоасини йиғиб, Ўзбекистонни чинакам кўп миллатли мамлакат аҳолиси қўллаб-қувватлашини кўрсатардик.
Матн: Давлат Умаров
Фотосуратлар муаллифи Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг