2022 йил 9 апрель куни ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудида марказлашган давлат тузишга эришган, буюк саркарда Амир Темур таваллудига 686 йил тўлади. У 1336 йилнинг 8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси Хўжа Илғор қишлоғида (Қашқадарё вилояти ҳудуди) туғилган.

У нафақат ҳарбий саркарда, балки бунёдкор сифатида ҳам тарихда из қолдирган. Амир Темур забт этган шаҳарларида бунёдкорликка қўл урганлиги ҳақида айрим манбаларда ёзилган. Бу фикрни унинг ўзи «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига 10 ғишт қўйдирдим. Бир дарахт кестирсам, ўрнига 10 та кўчат эктирдим», — дея ифодалаган.

«Газета.uz» тарихшунос олимлар фикр ва мулоҳазалари, шунингдек бошқа тарихий манбаларга таяниб, Амир Темур шахси ва унинг ҳаёти давомида рўй берган айрим қизиқарли ва тарихий аҳамиятга эга маълумотларни тўплади.

Амир Темур туғилган жой аслида қайси ҳудудга киради?

Унинг нафақат ҳарбий юришлари, балки туғилишининг ўзи ҳақида ҳам кўплаб фикрлар юради. Хусусан, ЎзМУ доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Акбар Замонов бу ҳақда ўз фикрини билдирар экан, Соҳибқирон туғилган маскан Хўжа Илғор қишлоғининг бугунги кунда Яккабоғ туманида жойлашганини айтади. Шундай экан, нега у манбаларда «Шаҳрисабз яқинида», «Кешга қарашли», «Шаҳрисабзга қарашли» ҳудуд сифатида келтирилади?

У буни қуйидагича изоҳлайди: «Бугунги кундаги Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари ўрта асрларда Кеш воҳаси доирасида битта ҳудудий бирлик сифатида тилга олинган. Амир Темур таваллуд топган даврларда (ХIV аср) Яккабоғ деб ном олган алоҳида маъмурий бирлик мавжуд эмас эди. XVIII асрда шаклланган Яккабоғ беклиги эса Кеш (Шаҳрисабз) вилоятига қарашли ҳудуд бўлган. Шу жиҳатдан қараганда, кўплаб тарихий манбалар ва адабиётларда Амир Темур таваллуд топган жой — бугунги Яккабоғ туманидаги Хўжа Илғор қишлоғи Шаҳрисабз ва Кеш номлари билан ёнма-ён келади», — дея таъкидлайди тарихшунос.

Яккабоғ вилояти (беклиги)нинг пайдо бўлиши аштархонийлар даврига (1601−1756), XVII-XVIII аср бошларига тўғри келади. Яккабоғ қисқа муддатларда Шаҳрисабз билан гоҳ сиёсий иттифоқда, гоҳ унинг таъсирида, гоҳ таркибида бўлган маълум даврлар ҳам мавжуд. Ҳатто 1920-йилларда ҳам Яккабоғдаги Хўжа Илғор қишлоғи Шаҳрисабз вилоятининг Мўминобод ҳудудига қарашли бўлган.

Фото: Google Images.

Амир Темурнинг қулоғига азон айтган Сайид Амир Кулол башорати

Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темур ҳақида ҳикоялар китобида ёзишича, Амир Кулол Амир Темур икки муборак юлдуз: Муштарий ва Миррих сайёралари ўз буржида бир-бирига яқин келган пайтда туғилганини ва бу олий мартаба, куч-қудратдан далолат беришини айтади.

«Мунажжимлар яхши биладирларки, Муштарий — бахт-саодат, Миррих эрса куч-қудрат манбаи эрур. Мундин маълумки, Тангри таоло ўғлонингга бахт-саодат, куч-қудрат ато этмиш. Қодири эгам айтибдурлар: «Биз ушбу улуғ неъматни фақат ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз», — дея Кулолнинг Амир Тарағайга (Темурнинг отаси) сўзларидан иқтибос келтирилади ҳикояда. Амир Кулол шундан кейин чақалоқнинг қулоғига азон айтиб, унга «Темур» деб исм қўяди.

Тарихий маълумотларга кўра, 1370 йилда вафот этган Сайид Амир Кулолнинг валийлик даражаси жуда юксак бўлгани айтилади. ЎзА берган маълумотларга кўра, юздан ортиқ шогирд етиштирган Сайид Амир Кулолнинг шогирдлари орасида энг машҳури Баҳоуддин Нақшбанд ҳисобланади. Унинг кенжа ўғли Саидий Умар Амир Темурнинг вазири бўлгани ҳамда қабри Самарқандда экани ҳақида айрим манбаларда келтирилган.

Амир Темур танасидаги бир умрлик жароҳат

Амир Темур ўнг оёғи ва қўлидан жароҳатни қаерда олганлиги тўғрисида баҳсли маълумотлар кўп.

Айрим манбаларга кўра, 1362 йилда Амир Темур танасига Сейистонда (Эрон ва Афғонистон чегарасида жойлашган тарихий вилоят) бўлган жангда ўнг қўлининг тирсагидан ва ўнг оёғига камон ўқи тегишидан қаттиқ жароҳатланади. Бошқа манбаларда эса бу жароҳат унинг ўсмирлигида олингани айтилади.

1404 йили Самарқандга сафар қилган Испан элчиси де Клавихо Амир Темур Сейистон отлиқ аскарларига дуч келган пайтда кўп лашкарларидан айрилгани ҳақида ёзади. «Улар Темурни ҳам отидан йиқитиб, ўнг оёғини жароҳатладилар. Шундан сўнг, у бир умр оқсоқ бўлиб қолди ва Темурланг номини олди», деб ёзади Клавихо. У, шунингдек, Амир Темурнинг ўнг қўлидан ҳам яралангани, жимжимжилоғи ва ундан кейинги бармоғидан ҳам айрилгани ҳақида айтади.

Ушбу жароҳатлари туфайли форслар уни «Темурланг» деб аташган. Шу сабабли рус ва ғарб манбаларида унинг исми «Тамерлан», «Тамерлейн» деб келтирилади.

Темурийлар империяси. Фото: Yandex Zen.

Амир Темур қўшинлари таркибида аёллар ҳам бўлган

Тарихшунос Акбар Замоновга кўра, Амир Темур сипоҳлари таркиби турли-туман бўлиб, ҳарбий хизматга бир неча минг аёллар ҳам жалб қилинганди. Аёл жангчиларнинг аксарияти кўчманчи уруғларга мансуб бўлган.

Бу ҳақда XV асрда яшаган суриялик тарихчи Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: «Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлиб, улар душман билан бўлган тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Найза санчиш, қилич ўйнатиш ва камондан мўлжалга олишда моҳир эркаклардан кўра ҳам ортиқроқ иш қилардилар. Агар улардан бири ҳомиладор бўлиб йўлда дард тутса, дарров четга чиқарди. У тезда йиғиштириниб олгач, тағин уловига миниб жангга кирарди».

Аёлларнинг 1395 йил Тўхтамишхонга қарши Шимолий Кавказдаги Терек дарёси бўйидаги жангда ҳам маълум даражада иштирок этганлиги манбаларда ёзиб қолдирилган.

Амир Темур саройида бўлган испан эчиси Клавихонинг ёзишича, жангдан олдин Темур Тўхтамишхоннинг ҳиравули (олдинги қисм)ни янчиб Сунжи дарёсини жанг билан кечиб ўтади. Эртаси куни қулай позиция қидирган соҳибқирон Терекнинг ўнг соҳили бўйлаб юра бошлайди. Дарёнинг сўл қисмида бўлган Тўхтамишхон ўз рақибининг дарёдан ўтишига йўл қўймаслик учун қоровул ажратади ва бу соқчи қисм дарёнинг чап қирғоғи ёқалаб Темур қўшинини тинимсиз кузатиб боради. Иккала қўшин уч кун давомида шу алпозда аста-секин ҳаракат қилиб боради.

Учинчи куни Амир Темур лашкаргоҳда бўлган аёлларга дубулғалар кийишни ва жангчилар ўрнини эгаллашни, эркакларга эса иккитадан от олиб лашкаргоҳни тезда тарк этишни буюради. Қароргоҳда эркаклар кўринишида бўлган аёллардан ўзга куч қолмайди. Эркаклар қиёфасидаги «жангчилар»ни кузатишда давом этган Тўхтамишхон лашкарлари Амир Темур ва унинг асосий қўшини кечув жойига қайтганлигидан бехабар қолади. Шу тариқа, тун бўйи Амир Темур қўшини Тўхтамишхон соқчи гуруҳининг кўзини шамғалат қилиб Терек дарёсидан кечиб ўтишга муяссар бўлади. Мазкур жангда Амир Темур ғалабага эришади.

Фото: Сарвар Урмонов (ЎзА).

Темурнинг тутинган ўғли

Амир Темур жанглардаги ғалабага ҳисса қўшган саркардаларни қўллаб келганлиги айтилади.

Соҳибқирон алоҳида меҳр қўйган саркадалардан бири — Амир Шайх Нуриддин бўлган. Жалойир қавмининг нуфузли вакили Сарибуғабекнинг оиласида таваллуд топган Нуриддинни Амир Темурнинг ўзи тарбиялаб вояга етказган. Унинг илм-фан, шариат, айниқса, ҳарбий саньатдан юқори савияда хабардорлигини ҳисобга олиб Темур уни суюкли набираси Иброҳим Султон ибн Шоҳрух мирзонинг устози ва мураббийи этиб белгилаган.

Шайх Нуриддин Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон билан урушлари, Эрон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ ҳудудларига қилинган юришларда алоҳида жасорат намойиш қилган. Темурийлар даврининг машҳур тарихчиси Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, 1402 йил Анқара жангида Боязид Йилдирим мағлуб этилгач, Шайх Нуриддин турк султонлари пойтахти Бурсани ишғол қилишга юборилган. У Бурса шаҳрига кириб, Боязид Йилдиримнинг олтину жавоҳир тўла хазинасини қўлга киритган ва соҳибқиронга юборган.

Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасидаги Терек дарёси бўйидаги жанг. Замонавий иллюстрация. Фото: Google.

Лекин, темурийлар ўртасида тахт учун бошланган кураш соҳибқирон ишончини қозонган атоқли саркардалар ўртасига ҳам низо солган. Хусусан, Амир Шоҳмалик ва Шайх Нуриддин орасидаги муросасиз қарама-қаршиликларнинг бирида 1411 йил Шайх Нуриддин ҳалок бўлган.

Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, «Шайх Нуриддин Амир Темурнинг зўр амирларидан эди ва ул ҳазрат уни „фарзандим“ деб атарди ҳамда унга Туркистон мулки бошқарувини топширган эди». XV асрда яшаган яна бир муаррих Фасиҳ Хавофий ҳам Шайх Нуриддин Амир Темурнинг тутинган ўғли бўлганлигига, энг нозик ва қалтис фазиятдаги вазифалар мазкур амирга топширилганлигига ишора қилади.

Амир Темурнинг рафиқалари ҳақида

ЎзМУ доцентига кўра, Шоҳрух Мирзо даврида ёзилган «Насабнома» деб аталган рисолада келтирилишича, соҳибқирон бутун ҳаёти даврида 18 нафар аёлни ўз никоҳига олган. Улар орасида энг машҳури Сароймулк хоним бўлган.

Сароймулк хоним Чиғатой улусига мансуб бўлган мўғул хонларидан Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341 йилда туғилган эди. Сароймулк хонимни 1355 йилда амир Ҳусайн ўз никоҳига киритади. 1370 йилда амир Ҳусайн қатл қилингач, у Амир Темур никоҳига киради. Темур ушбу никоҳ туфайли «Кўрагон» мақомига мушарраф бўлади. Кўрагон ибораси мўғулча сўз бўлиб, «хоннинг куёви» деган маънони ифодалар эди.

Сароймулк хоним хон авлодига мансуб бўлгани туфайли ҳарамдаги барча маликалардан улуғ ҳисобланиб, «катта хоним» (Бибихоним) деган унвонга эга бўлади. Амир Темур Сароймулк хонимдан фарзанд кўрмаган.

1397 йилда соҳибқирон Конигилда катта тўй ўтказиб, Тукал хонимни ўз никоҳига киритади. Тукал хоним ҳарамда (хон қизи бўлгани туфайли) Сароймулк хонимдан кейинги ўринда турган ва «кичик хоним» деб аталган. 1397 йилда соҳибқирон Тукал хоним шарафига Самарқандда «Боғи Дилкушо»ни барпо эттиради.

Амир Темурнинг уч нафар фарзанди, Султон Бахт Бегим, Жаҳонгир Мирзо ва Оғо Бегим, унинг рафиқаларидан дунёга келган.

Шунингдек, Амир Темур ўз маҳрамига олган хос канизаклари эса 22 нафарни ташкил қилган. Тарихшунос Акбар Замоновнинг фикрига кўра, бу ўрта аср сарой анъаналари бўйича унча катта бўлмаган ҳарам ҳисобланади.

Амир Темурнинг канизакларидан ўғиллари Шоҳрух Мирзо (Тоғай Туркон оғодан), Мироншоҳ (Менглик оғо Жони Қурбонийдан), Умаршайх Мирзо (Туман оғодан) туғилган.

Фото: Денов тумани ҳокимлиги.

Омон қолдирилган сарбадор ёхуд «бегуноҳ»

1365 йил Мўғулистон хони Илёсхўжахон ҳужумидан Самарқандни ҳимоя қилган, кейинчалик шаҳарда қисқа вақтга ўз бошқарувини ўрнатган «сарбадорлар» (бошини дорга тикканлар) Амир Ҳусайн томонидан тор-мор этилиб, уларнинг раҳбарлари дорга осилишга ҳукм қилинади. Шунда Амир Темур мадраса мударриси (айрим манбаларда талаба дейилади) Мавлонозода Самарқандийни дордан халос этишни сўрайди.

«Сарбадорларнинг раҳбарлари қатлга ҳукм қилинганда фақат Мавлонозодагина Амир Темур аралашуви билан омон қолган. Темурийлар даври муаррихлари бўлган Низомиддин Шомий, Ҳофизу Абру, Муиниддин Натанзийлар ҳам Мавлонозоданинг Амир Темур томонидан озод қилинганини ёзган бўлса-да, сабабига тўхталишмаган», — дея таъкидлайди Акбар Замонов.

Юқорида номлари келтирилган муаллифларнинг асарларида келтирилган воқеалар синчиклаб ўрганилганида Мавлонозоданинг «олий табақа» (бу ибора кўп ҳолларда Муҳаммад (с.а.в.) авлодларига нисбатан ишлатилган) вакили бўлганлиги аниқланган. Жумладан, Муиниддин Натанзий Мавлонозодани «аслзода йигит» бўлганлигини айтса, Ҳозифи Абру уни «улуғзодалардан бўлган донишманд» дея таърифлайди.

Ўрта асрларда мусулмон жамиятида яратилган тарихий асарларда «улуғзодалар» ва «бегуноҳлар» деган атамалар пайғамбар авлодларига нисбатан ишлатилганлиги ҳамда улар қамалда қолган шаҳар ичида бўлса, зиён-заҳматсиз чиқарилиб юборилганлиги тарихий манбаларда келтирилган.

Муаррих Ғиёсиддин Хондамир, Зайниддин Восифийлар 1512 йил Эрон қўшинлари қўмондони Нажми Соний томонидан Қаршида уюштирилган оммавий қирғинда «бегуноҳлар»нинг ҳам ўлдирилганлигини таажжуб билан, жамият қоидаларига зид воқеа сифатида ёзган эди. Бундан ташқари, ислом дини арконларини чуқур ўрганган, Қуръони каримни ёд билган уламолар ҳам «бегуноҳ» сифатида босқинчилар шафқатига эришган.

Сарбадорлар етакчиси бўлган Мавлонозода ҳам бир томондан, «улуғзода» — пайғамбар авлоди бўлган бўлса, иккинчи томондан, у мударрис (ёки талаба) бўлган ва диний илмлардан воқиф, Қуръони каримни ёддан билган. Болалигидан ислом анъаналарини муқаддас бурч билиб, бир қанча пирлардан, хусусан, Амир Кулолдек шайхлардан таҳсил кўрган Амир Темур Мавлонозоданинг қатл этилиши ўзлари яшаган жамият учун энг оғир гуноҳ эканлигини Амир Ҳусайнга уқтирган бўлиши, табиий эди, дейди тарихчи Акбар Замонов.

Фото: «Темур тузуклари» китоби.

Соҳибқирон вафоти пайтида (1405 йил) унинг қанча авлоди ҳали тирик бўлган?

Тарихшунос Акбар Замоновнинг фикрларига кўра, Амир Темур авлодлари сертармоқ бўлиб, бутун Осиё бўйлаб тарқалган бўлса ажаб эмас. Темур вафоти арафасида уларнинг сони, ўғил-қиз ва набиралар — 53 нафарни ташкил қилган.

Хусусан, Амир Темур вафот этганида, унинг ўғил авлодларидан ўттиз олти нафари ҳаёт бўлиб, шундан катта ўғил амирзода Жаҳонгир (1356−1376) наслидан ўн бир ўғил бор эди. Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Баҳодир (1356−1394) наслидан тўққиз ўғил ва неваралар ҳаёт эди. Темурнинг невараси Пир Муҳаммад ибн Умаршайх бир ўғил билан йигирма олти ёшда эди.

Темурнинг учинчи ўғли, ўттиз саккиз ёшли шаҳзода Мироншоҳ мирзонинг (1366−1408) етти ўғил ва набиралари бор эди. Кенжа ўғил Шоҳрух Мирзо (1377−1447) йигирма етти ёшдан ошган бўлиб, унга Хуросон мулк қилиб берилган эди. Унинг етти ўғли бўлиб, Мирзо Улуғбек ва Иброҳим Султон (1394 йил туғилган) ҳар иккаласи ўн бир ёшда эдилар.

Соҳибқирон Темурнинг вафоти арафасида қизлари ва невара-қизларидан ўн етти нафари мавжуд эди. Унинг катта қизи Султон Бахт Бегим таниқли ва садоқатли амирлардан бири Амир Сулаймоншоҳ никоҳида яшар эди. Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Баҳодирдан уч нафар қиз қолган эди.

«Темурбеклар мактаби» яна қандай номланиши мумкин эди?

2019 йилда Ўзбекистонда «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари фаолияти жорий қилинди. Унинг номланиши бўйича ҳам турли таклифлар бўлган. Хусусан, «Амир Темур авлодлари», «Темурийлар», «Соҳибқирон издошлари» каби вариантлар бор эди.

Айнан «Темурбеклар» номи танланганига сабаб Амир Темур «Амир» мақомига 1366 йилда эришади. Бунга қадар 26−30 ёшгача у «Темурбек» бўлган. Яъни ҳозирги кунда муассаса ўқувчларининг ёшидан келиб чиқиб, уларнинг ҳозирги ҳолати Амир Темурнинг хос давридаги ҳолатига қиёсланган. Улар ҳозир айнан Темурбекнинг ёшида, дейди тарихчи.

Эслатиб ўтамиз, мазкур маълумотлар Ўзбекистон Миллий университети доценти, тарихшунос Акбар Замонов мақолалари ва турли тарихий китоблар асосида тайёрланган.