1 майдан бошлаб пенсия ва нафақа пулларини пластик картада оладиганларга 1% қўшимча тўлов тўлаб берилади. Бу ҳақда 7 апрель куни президент томонидан қабул қилинган қарорда айтилади.

Қарорга кўра, «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар ҳамда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун 1 фоиз миқдорда банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади. Молия вазирлигининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ушбу маблағлар Пенсия жамғармаси, тегишли мақсадли жамғармаларнинг қолдиқ маблағлари ва давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Аҳоли, жумладан пенсионер ва нафақахўрлар бунда ҳақ тўлаши керак бўлмайди.

Шунингдек, «Халқ банки» зиммасига сайёр кассалар орқали маҳалла фуқаролар йиғинларига борган ҳолда пенсия ва нафақа олувчиларнинг карталаридаги маблағларини уларнинг хоҳишларига кўра нақд пулга алмаштириб бериш вазифаси юклатилади.

Бундан ташқари, барча турдаги давлат пенсияларини, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни ҳамда кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Яъни пенсионерлар картасига 1% ортиқча пул келиб тушади. Пенсионер картадаги маблағни банкоматдан нақдлаштириб олса, қўшиб берилган 1% ечиб олинади, яъни пенсионернинг базавий пенсия миқдори ўзгармай қолади. Картадаги пенсия нақдлаштирилмаса, қўшимча 1% пенсионер ихтиёрида қолдирилади.

Бунда, фуқароларнинг розилиги билан пенсия ва нафақа пулларини банк карталарига ўтказиш асосида ҳужжатларни қоғоз шаклида юритишдан воз кечилади.

Шунингдек, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларга ва оилаларга тегишли жамғармалар маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади ҳамда пенсия ва нафақалар билан бир вақтда «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.

Қарор билан шунингдек, 1 сентябрга қадар ҳарбийлаштирилган тизим пенсияларини ҳисоблаш ва уларнинг тўлов ҳисоб-китоблари тизимини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан автоматлаштириш орқали хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

1 октябрга қадар хориждан 1 800 та банкомат олиб келиниб, улар ҳудудлар, шу жумладан, олис туманларда ўрнатилади.

2022 йил якунига қадар пенсия ва нафақа олувчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи банкнинг янги мобил иловаси ишлаб чиқилади.