Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Брюсселдаги учрашувда икки давлат ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлаш борасида келишиб олди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг Европа кенгаши раиси Шарль Мишель билан учрашуви якунлари бўйича кенгаш матбуот хизмати хабар берди.

Икки давлат раҳбарлари «тинчлик келишуви томон тезроқ ҳаракат қилиш истагини» билдирдилар ва уни тайёрлашни ташқи ишлар вазирларига топширишга келишиб олдилар. Апрель ойининг охиригача чегарани делимитация ва демаркация қилиш, шунингдек, чегара ҳудудлари барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма чегара комиссияси чақирилади.

Томонлар, шунингдек, 2020 йил 9−10 ноябрдаги уч томонлама баёнот қоидаларига тўлиқ риоя қилиш зарурлигини яна бир бор тасдиқладилар.

Шарль Мишель, шунингдек, ЕИнинг Арманистон ва Озарбайжон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканлигини ҳамда кескинликни бартараф этиш ҳамда «минтақада яшовчи барча халқлар манфаати учун хавфсиз, барқарор, тинч ва фаровон Жанубий Кавказ»ни яратиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини тасдиқлади.

У барча ҳал қилинмаган гуманитар муаммоларни, жумладан, «қолган маҳбусларни озод қилиш ва бедарак йўқолганлар муаммосини комплекс ҳал этиш» каби масалаларни тўлиқ ва тезда ҳал этишга чақирди ҳамда бу борада ЕИ томонидан қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

«Европа Иттифоқи, шунингдек, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини, шунингдек, миналардан тозалаш бўйича гуманитар саъй-ҳаракатларни, жумладан, эксперт маслаҳатлари ва молиявий ёрдамни кўпайтириш, шунингдек, можаролардан жабр кўрган аҳолига кўмак кўрсатиш, реабилитация ва реконструкцияни қўллаб-қувватлашда давом этади» — деди Шарль Мишель.

Учрашувда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида, шунингдек, бутун Жанубий Кавказда алоқа инфратузилмасини тиклаш масалалари муҳокама қилинди. «Президент Мишель темир йўлларни тиклаш бўйича қадамларни олқишлаб, Арманистон ва Озарбайжонни ҳам йўл алоқаларини тиклаш бўйича самарали ечимларни топишга чақирди. Европа Иттифоқи алоқа каналларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.