«Газета.uz» Google trends сайти орқали Россия, Беларусь, Украина ва Ўзбекистон интернет фойдаланувчилари Украинада уруш бошланганидан сўнг Google`да нималарни излашгани бўйича маълумотларни ўрганиб чиқди.

Маълумотларга кўра, Россия ва Беларусда Ўзбекистон жойлашган жойи, мамлакатга кириш тартиби ва сўмга қизиқиш уруш бошланганидан сўнг кескин ортиб кетган. Украина фойдаланувчилари эса асосан Ўзбекистон-Украина муносабатларига, Ўзбекистон президенти ва армиясига қизиқиш билдирган.

Фойдаланувчиларнинг қизиқишини Google қандай аниқлайди?

Сўровларга 0 дан 100 гача балл берилади, бу ерда 100 балл сўровнинг оммабоплиги энг юқори улушга эга бўлган жойни англатади, 50 балл — ушбу жойда сўровнинг машҳурлик даражаси биринчи жойга қараганда икки баравар пастлигини, 0 балл эса бу сўров ҳақида етарли маълумот бўлмаганини билдиради.

Муҳим: баллар қанча кўп бўлса, ушбу ҳудудда тегишли сўровларнинг барча сўровлардаги улуши шунча юқори бўлади. Шунинг учун, дейлик бир кичик мамлакатда барча қидирувлар ичида «банан» сўзи сўровларнинг 80 фоизини ташкил этадиган бўлса, унинг бали «банан» сўзи умумий сўровларининг 40 фоизини ташкил қилган катта мамлакатга нисбатан икки баравар кўп бўлади.

Россия

Йил давомида россияликлар ёки умуман Россияда истиқомат қилаётган одамларнинг Ўзбекистон билан қизиқиши кўрсаткичлари турли кўринишларга эга бўлган. Аммо Google Trends сайтида келтирилган маълумотларга кўра, февраль ойининг охирида, Россиянинг Украина ҳудудида уруш бошлаши ортидан Россия фойдаланувчилари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кескин ортиб кетган.

Россияликларни қизиқтирган саволлардан бири «1000 рубль ўзбек сўмида қанча бўлиши?» саволи бўлди. Google’да ушбу савол билан боғлиқ мурожаатларнинг ўсиши бошланган ҳафтада (27 февраль — 5 март) йил бошида 150 сўм бўлган рубль 99 рублгача тушиб кетган эди.

1000 рублнинг сўмга эквиваленти тўғрисидаги савол 27 март куни ўз кульминациясига етиб, маълумотларга кўра, ҳозирда ўз актуаллигини йўқотмоқда.

Қуйидаги инфографикада келтирилган меню орқали россиялик фойдаланувчиларни Ўзбекистон билан боғлиқ қандай сўровлар қизиқтирганини билишингиз мумкин.

Муҳим: инфографикада келтирилган маълумотлар маълум санага тегишли бўлмай, ҳафта давомидаги ҳолатни кўрсатади. Мисол учун: 27 февраль (якшанба) санасида кўрсатилган маълумотлар бир ҳафта давомидаги — 5 март (шанба)гача бўлган маълумотларни кўрсатади.

Москвадан Ўзбекистонгача бўлган билетлар бўйича қизиқиш одатда юқори бўлмаган. 2018 йил январь ойида қизиқиш Google trends томонидан 47 баллга баҳоланган ва бу кўрсаткич то 2021 йил августигача такрорланмаган. Билетларга бўлган қизиқиш 2021−2022 йилда январь, август ва октябрь ойларида кузатилган. Украинада уруш бошлангач эса билетларга бўлган қизиқиш охирги 5 йил давомидаги рекорд кўрсаткичка етган.

Билетлар билан қизиққан россияликлар айни вақтда ўзбек сўмининг долларга нисбатан курси ҳақида маълумотларни ҳам излашган. Йил давомида россиялик фойдаланувчилар сўм билан деярли қизиқишмаган, аммо Украинадаги воқеалар Ўзбекистондаги доллар нархи билан қизиқишни кескин орттирди. Рубль билан ҳам айни вазият такрорланган, яъни россияликларнинг сўмнинг рублга нисбати ҳақидаги қизиқиши бўйича йил давомида маълумот қайд этилмаган кунлар ҳам оз эмас, аммо "махсус операция»дан сўнг ушбу кўрсаткич бўйича ҳам қизиқиш максимумга етган.

Ўзбекистондаги об-ҳаво номаълум сабабларга кўра россиялик фойдаланувчиларни доимий қизиқтирган: ҳар икки-уч ойда ушбу мавзуда сўров кескин кўтарилиб турган. Шундай бўлса-да, Украинадаги вазият мамлакатдаги об-ҳавога бўлган қизиқишнинг ошишига ҳам таъсир қилди.

Ўзбекистонга кириш қоидалари бўйича россияликлар орасида охирги 5 йилда катта қизиқиш деярли кузатилмаган эди. Google trends`га кўра 2017−2019 йиларда ушбу сўров бўйича узоқ вақт ҳатто маълумотлар ҳам қайд этилмаган. Охирги 5 йил ичидаги рекорд фақат 2021 йил августига келиб қайд этилган эди, аммо февраль воқеаларидан сўнг ушбу натижа янги рекорддан деярли икки ярим баравар кам бўлиб қолди.

Маълумотларга кўра, Россия интернет фойдаланувчиларини Ўзбекистон шаҳарлари доим қизиқтириб келган, масалан Самарқандга бўлган қизиқиш доим юқори бўлганлиги сабаб, февраль воқеаларидан кейинги ўсиш 2021 йилги максимум қизиқишни янгилай олмаган. Аммо Тошкентга ушбу ҳодисанинг таъсири кузатилган: фойдаланувчилар орасида пойтахтга бўлган қизиқиш сезиларли кўпайган.

Россиянинг Москва, Калуга, Лелинград, Магадан, Камчатка, Приморский край вилоятлари фойдаланувчилари ушбу даврда Ўзбекистон билан кўпроқ қизиқишган. Умумий ҳисобда максимум (100 балл) қизиқиш Москва шаҳрига тўғри келади.

Беларусь ва Украина

Беларусь фойдаланувчиларининг Ўзбекистон билан қизиқиши йил давомида стабил динамикада бўлган. Яъни ушбу давлат интернет фойдаланувчилари "Ўзбекистон" сўзини тез-тез излаб турганлар, аммо Украина воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан бўлган ўртача қизиқиш кескин ортди.

Ўзбекистонга қизиқиш объектларидан бири беларусликлар учун унинг жойлашуви бўлди. «Ўзбекистон қаерда жойлашган?» деган сўровлар Беларусь ҳудудида 2021 йил сентябрь ойида ўз максимуми (100 балл)га етган ва 2022 йилгача бу қизиқиш сақланиб қолган. Аммо 2022 йил февралдан бошлаб Беларусь интернет фойдаланувчилари Ўзбекистон қаерда жойлашгани билан яна қизиқа бошлашди.

Россия каби Беларусда ҳам Тошкентга нисбатан қизиқиш аввалдан кузатилган, аммо февраль воқеалари ортидан ушбу қизиқиш бир неча бараварга кўпайди. Самарқандга бўлган қизиқиш февраль воқеаларидан аввалроқ бошланган бўлиб, кичик тушишдан сўнг қизиқиш яна ортиб бормоқда.

Беларуснинг марказий худудлари: Минск вилояти ва мамлакат пойтахти Минск шаҳрида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш максимумга етган.

Украина интернет фойдаланувчиларининг Ўзбекистон билан боғлиқ ҳабарларга қизиқиши 2022 йилнинг январь ойида охирги йил ичидаги ўз максимумига етган. Уруш бошланиши оқибатида, мамлакатда Россия ва Беларусдан фарқли равишда Украинада Ўзбекистонга нисбатан қизиқишнинг кескин кўтарилиши қайд этилмади. Аммо украиналик фойдаланувчилар орасида Ўзбекистон билан боғлиқ бошқа қизиқишлар пайдо бўлди. Жумладан: Ўзбекистон пойтахти, Ўзбекистон валютаси, Ўзбекистон армияси ва Ўзбекистон президенти сўровлари 1,5−2 бараварга кўпайган.

Ўзбекистон

Ўзбекистонликларнинг Украинага қизиқиши йил давомида юқори бўлмаган. Фақатгина 2021 йил июнь ойининг охири ва июль ойининг бошида, Россия президенти Владимир Путиннинг Украина масаласидаги чиқишлари бутун дунёда муҳокама қилинаётган вақтда кескин кўтарилиш қайд этилган. Шундан сўнг ўзбекистонликларнинг Украина билан қизиқиши энг паст кўрсаткичларга тушиб кетган. Уруш бошланиши оқибатида ушбу давлатга бўлган қизиқиш 2021 йил июль ойига нисбатан 3 бараварга ошиб кетти.

Google trends маълумотларига кўра, Россия ва Украина муносабатларига асосан Қашқадарё вилояти ва Қорақолпоғистон Республикасида истиқомат қилувчилар қизиқиш билдирган. Мавзуга бўлган энг кам қизиқиш Тошкент вилоятида кузатилган.

Фарғона шаҳри ушбу мавзуга қизиқувчи шаҳарлар ичида етакчи ҳисобланади. Фарғона вилояти марказида Украина ва Россия ўртасидаги муносабатларга бўлган қизиқиш Бухоро шаҳрига нисбатан 3 баравар кўп. Кейинги ўринларда Қарши ва Урганч шаҳарлари жойлашган.