Ўзбекистондаги Афғонистон фуқароларининг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. 7 апрель куни Тошкентда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги делегацияси ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ташаббус билан чиқди, дея хабар қилди БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, мазкур кенгайтирилган дастур ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари афғонистонликларга гуманитар, педагогика ва муҳандислик соҳаларида билим эгаллашга ёрдам беради. Лойиҳа Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади. Марказ ўқув жараёнига Ўзбекистондаги тегишли муассасаларнинг таълим ва ўқув ресурсларини ҳам жалб қилиши мумкин.

Лойиҳа доирасида жами 345 нафар Афғонистон фуқароси таълим грантларини қўлга киритиб, ўқишни тамомлаганидан сўнг тегишли диплом ва сертификатларга эга бўлади.

Хусусан:

  • ҳозирда марказда таҳсил олаётган афғонистонлик 145 нафар талаба, жумладан, 24 нафар хотин-қиз таълим жараёнини давом эттиради;
  • 100 нафар Афғонистон фуқароси бир йиллик техник ҳамда касбий таълим ва тайёргарлик (ТКТТ) дастури доирасида ўқитилади;
  • 100 нафар Афғонистон фуқароси қисқа муддатли касбий курсларда таълим олади.

2022 йилда БМТТД томонидан бажариладиган ташаббус учун ЕИ 1 млн евро маблағ ажратди.

Иттифоқ делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адрианнинг таъкидлашича, ЕИ ҳозирги оғир шароитда Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этади.

«Умид қиламизки, бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз бўлган БМТТД томонидан амалга оширилаётган бу лойиҳа Ўзбекистонда истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларига янги билим ва кўникмалар олишларида кўмаклашиши баробарида, уларга ўз ватанларига қайтишдан олдин турмуш шароитларини яхшилаш ва оилаларини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради», — деди у.

Шунингдек, лойиҳага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги асосий ҳамкор бўлади.

«Ўзбекистонда вақтинча истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларига бундай имкониятлар яратиш жуда муҳим масаладир. Бу Афғонистоннинг ёшларига ўз ҳаёт йўлини топишлари учун кўникма ва мутахассисликларни эгаллашга шароит яратади», — дейди олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 1-ўринбосари Комилжон Каримов.

Ташаббус Марказ салоҳиятини янада мустаҳкамлайди ва уни Афғонистон учун таълим марказига айлантиришга имконият яратиши таъкидланди. Натижада Афғонистон фуқаролари Ўзбекистондаги кўплаб университетлар, институтлар ва коллежларнинг таълим хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Шунингдек, Марказ ЕИ билимлар марказини очиш ва унда онлайн масофавий ўқитиш воситасини ишга тушириш учун платформага ҳам айланади.

«Бугун биз илгари сураётган ташаббус Афғонистон фуқароларини иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг Ўзбекистонда фаол ижтимоий-иқтисодий ҳаётга интеграциялашуви учун зарур билим, кўникма ва малакалар бериш билангина чекланиб қолмайди. Бу Ўзбекистон жанубидаги ҳудуд аҳолисининг барқарорлиги ва турмуш даражасини оширишга қаратилган анча кенг ва тизимли саъй-ҳаракатлар бўлиб, улар минтақадаги ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшади. Биз Сурхондарё вилоятини ҳар томонлама, аҳоли манфаатларини кўзловчи ва инклюзив ҳудудий ривожланишга қаратилган ёндашувимиз фойдали бўлишига умид билдирамиз», — дея таъкилади БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска.