Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова офиси 2021 йилда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди.

Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимованинг маълум қилишича, 2021 йилда вакил номига Ўзбекистон фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 18 738 та мурожаат келиб тушди. Солиштириш учун — ўтган йили мурожаатлар сони 14 975 та бўлган.

Қонунчиликка кўра, фуқаролар ўртасидаги зиддиятли ва низоли масалаларни кўриб чиқиш Омбудсман ваколатига кирмайди, шунинг учун 11 257 та мурожаат (2020 йидда 4486 та мурожаат) иш юритувига олинган.

2021 йилда мурожаатларнинг энг кўпи фуқароларнинг шахсий мулкка бўлган ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий имтиёз ва нафақалар, моддий ёрдам олиш, инсонпарварлик актини тадбиқ этиш, суд-тергов жараёнлари, фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш кабиларга оид бўлди. Энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (2588 та), Қашқадарё вилояти (2530 та) ва Сурхондарё вилоятидан (2000 та) келиб тушди.

2021 йилда Омбудсман жисмоний шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатлари бўйича илк маротаба Конституциявий судга кўриб чиқиш учун битта масала киритди, дейилади ҳисоботда. «Газета.uz»га Омбудсман матбуот хизмати қўшимча қилишича, 2 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 43 ва 47-бандларини Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 53 ва 54-моддаларига мувофиқлиги ёки йўқлигини аниқлаб беришни сўраб, Конституциявий судга мурожаат йўллаган. Мазкур масала 2 июль куни Конституциявий судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд вазирликлар ва идоралар вакилларининг тушунтиришлари тингланиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли низоми 43 ва 47-бандлари Конституцияга мувофиқ деган қарорни қабул қилди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ва судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 14 та тақдимнома, 36 та хулоса, 44 та даъво аризалари киритилган.

Омбудсман томонидан киритилган тақдимномалар вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама қилиниб, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 82 нафар ходимга нисбатан «ҳайфсан», 9 нафар ходимга нисбатан «жарима» интизомий жазо чораси қўлланилган ва 8 нафар ходим эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган.

Шунингдек, Омбудсман ходимлари судларда кузатувчи сифатида 108 маротаба (2020 йилда — 32 марта) иштирок этган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилган шахсий ҳуқуқлар ва эркинликларга оид мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 21 та жиноий ва маъмурий ва 9 та интизомий иш қўзғатилди. Мурожаат қилувчилар устидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 29 та қарор бекор қилинди.

Масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 25 та текширув ўтказилди. Омбудсман мурожаатидан сўнг суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 6 та протест киритилди.

Судларга 442 млн сўмлик меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 43 та даъво аризаси киритилди, 62 нафар фуқарога 787,8 млн сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланди. 10 нафар фуқаро ишга тикланди, 5 нафар фуқарога иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун соғлигига етказилган 9,2 млн сўмлик зарар ундирилди, фуқароларга 148 млн. сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди.

Шунингдек, мурожаатчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 210,8 млн. сўмлик зарар ундирилди. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 14 та фуқарога уй-жой ажратилди. Тадбиркорларга 145 млн сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак берилди.