Комил Алламжонов Uzmetronom.com асосчиси Сергей Ежков устидан арз қилди

Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежков устидан ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилди. Бунга Комил Алламжонов ҳимояси остида Ўзбекистонга 4,2 млн долларлик тилла ва бриллиант тақинчоқлар ноқонуний олиб кирилгани айтилган «Бриллиант бола» номли мақола сабаб бўлди. Мазкур ахборотнинг биринчи манбаси эса Eltuz ресурси ҳисобланади.

Энергетика вазири Алишер Султанов лавозимидан озод этилди

2019 йилдан бери энергетика вазири сифатида ишлаб келаётган Алишер Султанов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Бош прокуратура янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифатини назорат қилади

Президент жорий йилда вилоятларда жами 2300 км, пойтахтда 250 км цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилишини маълум қилди. Унга кўра, цемент ишлаб чиқариш ҳажми шу йили 18 млн тоннага етказилади. Бош прокуратура мазкур йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатади. Импорт қилинадиган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этилади.

ОТБ Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан ўтувчи автомобиль йўлларини таъмирлашга кредит ажратди

Осиё тараққиёт банки Сурхондарё (111 км) ва Бухоро (87 км) вилоятларидан ўтувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 273,8 млн доллар миқдорида қарз маблағларини ажратмоқда.

Антимонополия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ишдан бўшатилди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов лавозимидан озод этилди. У UzAuto Motors монополиясига қарши чиққан эди ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Ягона имтиҳон маркази ишга тушгандан кейин давлат имтиҳон марказлари ёпилгани нотўғри бўлганини айтган эди.

2022 йил Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш секинлашиб, 4% ни ташкил қилади — ОТБ

ОТБ прогнозларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши секинлашиб, 4% ни ташкил этиши кутилмоқда. Ўсиш суръатининг секинлашиши мамлакатда хусусий истеъмолнинг қисқариши ва натижада саноат ҳамда хизматлар соҳаси кенгайишининг чекланиши билан изоҳланган. Банк мамлакатга «яшил ўсиш» ва хусусий секторнинг ривожланиши ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган.

Бобир Исламов бош вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

Президент қарори билан янги ташкил этилган бош вазир маслаҳатчиси — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси лавозимига Бобир Исламов тайинланди. У 2017 йилдан бери қўмита раиси сифатида ишлаб келаётганди.

Камал Тарихов Қорақалпоғистон суди раиси этиб сайланди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессиясида Камал Тарихов Қорақалпоғистон суди раиси лавозимига сайланди. У мазкур лавозимда Гулнара Базарбаеванинг ўрнини эгаллади.

Андижонда божхона пости бошлиғи ва 2 нафар ходими ҳибсга олинди

«Андижон» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ва 2 нафар ходими қўлга олинди, улар пост орқали 5,5 млрд сўмлик юкни ноқонуний тарзда олиб ўтилишига ёрдам бермоқчи бўлган.

Чинозда банк ходими фуқаролар номига рухсатсиз кредит расмийлаштириб, маблағларни талон-торож қилгани аниқланди

Чиноз туманида банк ходими «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида фуқароларга ажратилган 2 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағларини турмуш ўртоғи ва яқинларининг номларига очилган деҳқон хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб, пулларни нақдлаштириб келганликда гумон қилинмоқда. У, шунингдек, 10 нафар фуқарога уларнинг хабарисиз кредит ажратиб, пулларни ўзлаштиргани маълум қилинди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар ва фоторепортажлар

Космонавтлар майдони реконструкцияси: нима нотўғри қилинди?

Тошкентда Космонавтлар майдонини реконструкция қилиш ишлари деярли якунланиб қолди. Бу ердаги гранит плиталар алмаштирилди ва янги ўсимликлар экилди. Бироқ, санъат ва архитектура тарихчиси Борис Чухович «реконструкторлар муаллифларнинг асл бадиий ғояларига етарлича эътибор бермаган ва ёдгорликнинг яхлитлигини бузган», деб ҳисоблайди. У шу каби ишларни қилишдан аввал аҳоли ва мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Шуҳрат Ғаниевнинг ёпиқ баённомаси кластер ва фермерларда саволларни туғдирмоқда

Наманган вилоятининг Норин туманида маҳаллий ҳокимият Iftihor Kiyim Sanoat кластерини бошқа бир кластер — Uztex Uchkurgan билан уч йилдан буён ишлаб келаётган фермер хўжаликларига бириктирмоқчи бўлмоқда. Кластерларни ўзгартириш бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев томонидан имзоланган йиғилиш ёпиқ баённомасида кўзда тутилган. Uztex 2022 йил учун фермерлар билан тузилган шартномаларнинг бир қисмини молиялаштиргани, бироқ вилоят ҳокими ён беришни истамаганини маълум қилди. Фермерларнинг айтишича, улар жорий кластердан мамнун. Iftihor Kiyim Sanoat эса «бу ерларни сўрамаганликларини» билдирди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги март ойидаги ёғингарчиликнинг ҳосилга таъсирини баҳолади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари март ойидаги ноқулай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини ўрганди. Совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинлари зарар кўрмаган.

Президент ШҲТ саммити ўтадиган Самарқанд туризм марказини қуришни тезлаштиришга кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев чоршанба куни ШҲТ саммити ўтказиладиган Самарқанд туризм марказини қуришни тезлаштириш юзасидан масъулларга топшириқ берди. Лойиҳага кўра, ушбу мажмуада конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвон саройи, 8 та меҳмонхона қуриш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунга келиб, меҳмонхоналар, қадимий шаҳарчалар, йўл ва кўприкларни қуриш ишлари олиб борилмоқда (фото).

Фото: Орол денгизининг ХКСдан кўриниши

ХКС космонавти Олег Артемьев интернет фойдаланувчилари илтимосига кўра Орол денгизи суратларини эълон қилди. Суратда Ўзбекистондаги Ғарбий ва Шарқий Оролнинг бир-бири билан ингичка сув йўли билан туташгани ҳамда Қозоғистондаги Кичик Оролнинг зумрад ойнадек тургани акс этган.

Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб уйлар, меҳмонхона, кинотеатр ва ресторанлар қурилади

Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб 610 гектар майдонда қуриладиган бинолар лойиҳалари билан танишди. Уй-жойлар, меҳмонхоналар, кинотеатр, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар тўрт қаватли ва тўрт хил дизайнга эга бўлади. Шунингдек, пиёда ва велосипед йўлаклари, ерости ва ерусти йўллари барпо этилади. Бундан ташқари, президент Олимпия шаҳарчаси лойиҳасини тасдиқлади.