Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Каримов Бобир Хасанович лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда «Нигоҳ» Telegram-канали хабар берди.

Унинг ўрнини шу кунгача президент Администрацияси масъул ходими сифатида фаолият юритган Асадулла Қаюмов эгаллади.

Бобир Каримов Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасида бош юрист маслаҳатчиси, юридик хизмати раҳбари лавозимларида, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон ва БААдаги турли халқаро консалтинг фирмаларида фаолият юритган.

2019 йил 11 февралдаги президент қарорига мувофиқ, Бобир Каримов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Монополияга қарши қўмита ва UzAuto Motors ўртасидаги суд жараёнларида у автосаноат монополиясига қарши чиққан эди. У кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтиришни UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли деб атаган эди.

Яқинда YouTube`даги Human.uz каналида депутат Расул Кушербаев билан суҳбатда Бобир Каримов Комил Алламжонов томонидан асос солинган хусусий имтиҳон маркази очилгандан сўнг Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш марказларини ёпмаслиги кераклигини айтган эди.

Унинг қайд этишича, давлат марказлари бу соҳада етарли миқдорда хусусий компаниялар ташкил этилгандан кейингина ёпилиши керак эди. Суҳбат давомида Тошкент вилоятида ҳам имтиҳон марказлари ёпилгани, бу ерда ҳали бирорта ҳам хусусий корхона ташкил этилмагани қайд этилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошлиғининг эндиликдаги собиқ биринчи ўринбосари Ички ишлар вазирлиги қўмитанинг марказларни ёпиш сабаблари ҳақидаги сўровига жавоб бермаганини маълум қилган эди.