Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига таълим тизимини бошқаришда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари қисқартиришни кўзда тутган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра:

  • илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган, илмий ташкилот ва таълим муассасасида фаолият юритаётган олимлардан иборат бўлиши шарти бекор қилинмоқда;
  • фақат давлат таълим муассасаларида ўқитиладиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва касблар рўйхатини тасдиқлаш, шунингдек, давлат олий таълим муассасалари ректорларини, шунингдек давлат иштирокида ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ректорларини (раҳбарларини) лавозимга тайинлаш ҳамда эгаллаб турган лавозимидан озод этиш Вазирлар Маҳкамаси ваколатидан чиқарилмоқда;
  • 5 хил тоифадаги шахсларнинг таълим ташкилотларида педагог (профессор-ўқитувчи) сифатида фаолият олиб бориши тақиқланмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 19 апрелга қадар давом этади.

Маълумот учун, президент ўтган йил охирида «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Унга кўра, 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда 35 та ОТМ молиявий мустақиллик асосида фаолият юритиши белгиланди.

Рўйхатдан Ўзбекистон миллий университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқалар жой олган.