Айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев халқ таълими соҳасидаги келгуси устувор вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Таъкидланишича, энг аввало, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланади.

Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3−4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади.

Бунинг учун:

  • 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;
  • ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;
  • хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилади;
  • мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

Умуман, юқоридаги янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

Президент бу борада Қорақалпоғистон ва Самарқанд тажрибасини кўрсатиб ўтди.

Мисол учун, Қорақалпоғистондаги мобил гуруҳлар бир ой давомида жойида муаллимларни ўқитгани натижасида уларнинг билим ва кўникмалари 15 фоизга яхшиланган.

Самарқандда 420 нафар илғор педагоглар танлаб олиниб, мобил гуруҳлар вилоятнинг 9 минг нафар ўқитувчилар малакасини оширишни бошлаган.

Бундан ташқари, йиғилишда ҳамма вилоятларда Президент мактаблари очилгани, уларда замонавий илғор методикалар асосида таълим берилиётгани таъкидланди. Хусусий мактабларда ҳам бундай илғор методикалар жорий қилинаяпти.

«Савол туғилади, қайси ҳоким ўз мактабларида ушбу илғор методикаларни жорий қилиш бўйича ишлаяпти? Афсуски, ҳозирча бундай ташаббуслар йўқ!» — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, республика бўйича айни пайтда 120 та мактаб юқори коэффициентда ишламоқда.

Қолаверса, кўплаб мактаб филиалларининг аҳволи мутлақо бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётгани танқид қилинди.

Олис ва чекка ҳудудлардаги ҳамда «оғир» шароитдаги мактабларда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.